Шаҳар шовқини ва ҳавосидан зериккан одамлар салқин ва тоза ҳавоси бор масканларга югуради. Шундай жойлардан бири – Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги, пойтахтдан 2 соатлик масофадаги Хўжакент ўрмон хўжалиги ҳудуди.


Тошкент шаҳридан 80 километрча узоқликда жойлашган Хўжакентга одамлар енгил машина ёки Тошкент–Хўжакент йўналишидаги электр поезд билан етиб олишади.


Хўжакент баъзи манбаларда Ҳожикент деб ҳам аталади. Ҳар ёз-куз мавсумида турли ҳудудлардан минглаб дам олувчилар бу ерга келади.


Ана шу минглаб одамлар дам олиб кетишгач, Хўжакент қаровсиз қолган чиқиндихонага айланади. Келганлар ўзлари билан олиб келган егулик қадоқларини табиатга “совға қилиб” кетишга одатланишган.



Чиқиндиларнинг асосий қисми – целлофан пакетлар, бир марта фойдаланиладиган идишлар ва турли ичимлик идишлари.

























