Бугун, 1 июнь оқшомида мухлислар эътибори Лондондаги «Уэмбли» стадионига қаратилади. Унда Европа чемпиони саналмиш Италия миллий жамоаси Жанубий Америкада тенгсиз бўлган Аргентинага қарши саф тортади. 29 йиллик танаффусдан сўнг УЕФА ва КОНМЕБОЛ чемпионлари ўзаро тўқнаш келадиган Финалиссима ЖЧ-2022дан четда қолган аламзада Италия ва мағлубият нималигини унутаёзган Аргентина учун муҳим қарама-қаршиликка айланиши кутилмоқда.
Финалиссима қандай ўйин?
Финалиссима – Европа ва Жанубий Америка қитъасининг амалдаги чемпионлари ўртасидаги ҳал қилувчи баҳс бўлиб, УЕФА ва КОНМЕБОЛ ўртасида 2021 йилнинг 15 декабрь куни имзолаган меморандум бўйича ўтказилмоқда.
Финалиссима бир ўйиндан иборат бўлиб, асосий вақт дуранг ҳисобда якунланса, жамоалар ғолиб номини пенальтилар сериясида аниқлашади. Ғолиб жамоа вазни 8,5 килограм, бўйи 45 сантиметрлик совринга эга чиқади.

Қитъа чемпионларининг 3-тўқнашуви
Қайд этиш жоиз, бу – Европа ва Жанубий Америка қитъаси ғолибларининг илк учрашуви эмас. Бунгача икки конфедерация келишувига биноан 1985 йилда Европа чемпиони Франция ва Копа Америка ғолиби Уругвай ўртасида баҳс (2:0) ўтказилган бўлса, 8 йил ўтиб, 1993 йилда Аргентина Мар-дель-Платада Евро-1992 ғолиби Данияни пенальтилар сериясида мағлуб этганди. Италия ва Аргентина ўртасидаги баҳс бу борада учинчи тўқнашувга айланади.
Кьеллини учун хайрлашув ўйини
Евро-2020 ғолиби Италиянинг мундиалсиз қолиши ЖЧ-2022 саралаш босқичининг сенсацион воқеасига айланди. «Скуадра Адзурра» ўтган ярим йилдан кўпроқ вақт давом этган тушкун кайфиятни «Уэмбли»даги ғалабани такрорлаган ҳолда байрамона атмосферага айлантириш имконига эга. Ушбу баҳс италияликлар сардори Жоржио Кьеллини учун ҳам ўзига хос аҳамиятига эга – 37 ёшли ҳимоячи Лондондаги ўйиндан сўнг халқаро фаолиятига якун ясайди. Бош мураббий Роберто Манчини Аргентинага қарши баҳсда Евро-2020 қаҳрамонларини асосий таркибда майдонга тушириши эҳтимоли катта. Шунингдек, Алессандро Бастони, Сандро Тонали, Николо Дзаньоло ва Жанлука Скамакка сингари ёш ўйинчилар ҳам ўйинга шай.










