«Альбиселесте» Финалиссима-2022 турнири ғолиби бўлди.

Финалиссима
Италия — Аргентина 0:3
1 июнь, «Уэмбли»
Голлар: Мартинес (28), Ди Мария (45+1), Дибала (90+4).
Италия — Доннарумма, Кьеллини (Лаццари, 46), Бонуччи, Эмерсон (Бастони, 77), Ди Лоренцо, Жоржиньо, Барелла, Пессина (Спинаццола,  63), Бернардески (Локателли, 46), Белотти (Скамакка, 46), Распадори. 
Аргентина — Э.Мартинес, Отаменди, Тальяфико, Ромеро (Песселья, 85), Ди Мария (Нико Гонсалес, 90), Де Пауль (Паласиос, 75), Г.Родригес, Молина, Месси, Ло Чельсо (Дибала, 90), Л.Мартинес (Альварес 85).
Огоҳлантиришлар: Отаменди (22), Бонуччи (39), Ди Лоренцо (72), Барелла (77).

Постпандемия даврида терма жамоалар кетма-кет халқаро турнирларда иштирок этишига тўғри келмоқда. Бир йил муқаддам Евро-2020 ва Америка Кубоги параллел тарзда кечганди. Қишда — Африка Кубоги ўйинлари ўтказилди. 

Бу фонда Миллатлар лигасининг «топ» жамоалар иштирокидаги ёзги ўйинлари ҳам камтарона кўринмоқда. Ёзнинг илк кунида яна бир кубок учун беллашув ўтказилди — Артемио Франки кубоги янги ном остида тикланди — чоршанба куни «Уэмбли»да бу соврин учун икки қитъа чемпионлари баҳс олиб боришди.

Ёрқин афишага қарамай, мухлислар учун навбатдаги ўртоқлик учрашуви мақомидаги ўйин бўлиши хавфи ҳам бор эди. Аммо илк дақиқаларданоқ маълум бўлди: Лондонда барчаси катталарга хос кечади. Лиммо-лим тўлган ва ҳиссиётларга бой трибуналарда ҳам, майдонда ҳам қайноқ муҳит ҳукмрон бўлди. Мессини жарима майдони ташқарисида йиқитган Жоржиньо ҳакам ҳуштаги чалингач, шундай ғазаб отига миндики, барча беихтиёр Италия чемпионликка эришган Европа биринчилигини ёдга олди.

Аммо Лео терма жамоа либосида бу сафар ҳам ўзгача ўйин кўрсатди, худди сўнгги мавсумда Парижда бутунлай бошқа Месси тўп сургандек таассурот уйғонди. Бу ерда биринчи бўлимнинг дастлабки қисмида аргентиналиклар сардорининг ҳар бир қарори кескинлик келтириб чиқарди ва трибуналарда олқишларга сабаб бўлди. Аргентиналикларнинг устунлиги шу даражада эдики, «альбиселесте» мухлислари ўзларини Европада эмас, Буэнос-Айресда ҳис қилиб жўровоз бўлиб қўшиқ куйлашди.

Месси худди машғулотларда бўлгани каби Доннарумма қўриқлаётган дарвозани турли позициялардан ўққа тутди. У «жонли девор»га теккизиш билан бошлади. Кўп ўтмай жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан Париждаги клубдошини қийин аҳволга солиб қўйди, кейин эса энг яхши даврларида бўлгани каби сеҳрли ҳаракатлар кўрсатди. Майдонга орқа қилган ҳолда турган Лео тўп билан ўгирилиб жарима майдонига кирди ва финт билан Ди Лоренцони доғда қолдириб, дарвоза чизиғи яқинида турган Лаутаро Мартинеснинг оёғига тўпни ташлаб берди, бу вазиятда шу куни «скуадра адзурра» билан хайрлашган Кьеллини бошчилигидаги италиялик ҳимоячилар томошабинга айланишди.