Музлатилган 300 миллиард доллар бемалол қопланади
Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига эмбарго қўйгани ҳафтанинг асосий иқтисодий янгилиги бўлди. Украинага бостириб кирган Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида амалга оширилган ушбу чеклов атрофида музокаралар бир ҳафтага чўзилиб кетди. Шундай бўлса-да, нефт эмбаргоси қисман жорий қилинди: Россиядан денгиз орқали нефт олиш тўхтатилади, баъзи давлатлар эса қувурли ўтказгичлардан рус нефтини олишда давом этади.
Эмбарго шу ҳолатда қолади деб ўйлаш керак эмас. Асосийси, ЕИ давлатлари чеклов бўйича расмий қарорга келишди, у босқичма-босқич кенгайтириб борилиши мумкин. Санкциялардан кейин Европа яқин 6 ой ичида Россия нефтидан, 8 ойда эса Россиядан борадиган нефт маҳсулотларига қарамликдан қутулиши мумкин.
Эмбарго Россия Европага экспорт қилаётган нефтнинг учдан икки қисмига таъсир қилади. 2022 йил охиригача иттифоқ Россиядан нефт олишни 90 фоизгача камайтирмоқчи. Иқтисодчилар бу чекловни Европа учун унчалик катта зарар бермайди деб ҳисобламоқда. Россия ЕИ эмбаргоси билан ҳисоблаганда ҳам 2022 йил нефт ва газдан 285 миллиард доллар ишлаши кутилмоқда. Бу эса 2021 йилдагига қараганда анча кўп дегани. Бошқа хомашёларни ҳам сотиши ҳисобга олинса, Россия санкциялар доирасида музлатилган 300 миллиард долларни бемалол тўлдира олади.
Европалик сиёсатчилар улар қўллаётган чоралар етарли эмаслигини билиб туришибди. Шу боис, рус маҳсулотларининг Россияга қарши санкцияга қўшилмаган давлатларга ҳам экспорт қилинишини чекловчи чоралар изланмоқда. Масалан, ЕИ Россия байроғи билан сузаётган кемаларни суғурталашдан бош тортмоқчи. Бу эса Россия атрофдаги бошқа давлатларга ҳам денгиз орқали нефт сота олмайди деганидир. Бундай турдаги чеклов Россия нефтини дунёнинг исталган сувли ҳудудига олиб борувчи йирик танкерларга қарши ҳам қўлланиши мумкин.
Шунингдек, Россия умуман кутмаган давлатларидан ҳам зарбалар қабул қилиб олиши мумкин. WSJ ўз манбаларига асосланиб ёзишича, ОПЕК нефт ташкилотига аъзо баъзи давлатлар Россиянинг ОПЕК+ келишувидан чиқаришни муҳокама қилмоқда. Нашр билан гаплашган делегатнинг айтишича, бунинг иқтисодий сабаблари ҳам бор. Бу давлатлар санкция сабаб Россия нефт қазиб олишда муаммоларга учраши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Оқибатда бозор кутилмаган ҳолатларга тез-тез учраши мумкин бўлиб қолади.
Можарларга истисно
ЕИ «Дўстлик» қувурли ўтказгичидан нефт олишни истисно тариқасида вақтинча эмбаргога киритмаган. Санкцияларнинг олтинчи пакетига жиддий қаршилик кўрсатган Венгрия учун шундай истисно қилишди. Венгрия ўз эҳтиёжи учун асосий нефтни асосан мана шу ўтказгич орқали олади. Мамлакат нефт импортининг 65 фоиз улуши эса айнан Россия ҳиссасига тўғри келади.













