«Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди. Мусулмонлар идораси ушбу тўловга нималар кириши ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган. Шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30–40 фоиз) ошган.

Қолаверса, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган.  Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

Ўзбекистон томони Саудия билан музокаралар олиб борган. Натижада зиёратчилар учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришган ва тўлов учун ўрта нархни белгилаган.

Қайд этилишича, айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг АҚШ долларигача этиб белгиланган.

Бундан ташқари, ўзбекистонликлар жорий мавсумда илк марта Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Zam-Zam Pullman» ва «Crown Plaza» меҳмонхоналарида яшайди. Макка шаҳрида эса «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасига жойлашади.

«Юртимиз зиёратчиларининг сафар давомийлиги ҳам айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14, 17, 20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади», – дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.

Жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукумати қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг «Ҳаж электрон портали» орқали белгиланган тартибда амалга оширилгани, ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилиши айтилган.

Жорий мавсумда машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилган. Шундай бўлса-да, иқтисодий пакет олинган ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилган.

Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмаса-да, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади.