Вашингтон ҳозирча Киевга бундай қурилмаларнинг фақат тўрттасини етказиб беради.

«HIMARS уларга [украинлар] қарши туришда кенгроқ имкониятлар тақдим этади. Ҳозирда биз уларга аввалроқ етказиб берган гаубицалар 30 км атрофидаги масофага зарба бериши мумкин. HIMARS’нинг ўқ отиш масофаси икки баробардан ошиқроқ, бу эса уларга ҳатто кам миқдордаги учириш қурилмалари билан ҳам [россиялик ҳарбийларга] нисбатан муваффақиятли қаршилик кўрсатиш имконини беради», – деди АҚШ мудофаа вазири ўринбосари Колин Кал Пентагондаги брифингда.

2 июн куни Украина президенти Володимир Зеленский АҚШга «замонавий HIMARS баравар ўт очиш тизимлари» юбораётгани учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, Киевда «замонавий жанговар тизимлари етказиб бериш ҳажмини юқори даражага олиб чиқиш устида ишланмоқда».

Украина айнан қанча миқдорда баравар ўт очиш тизимлари етказиб берилишини исташи маълум эмас, аммо экспертлар фикрича, тўрт дона учириш қурилмаси ҳарбий ҳаракатлар боришини ўзгартиришга қодир эмас.

Ғилдиракли шассига ўрнатилган HIMARS енгилроқ ва мобилроқ бўлади

Исроиллик эксперт Давид Генделманнинг фикрича, ҳозирда Киев ҳар қандай қурол етказиб берилишидан миннатдор бўлади, аммо бундай баравар ўт очиш тизимларидан мўъжиза кутмаслик керак.

«Улар [HIMARS] бундай ҳажмда қандайдир тизимли самара бера олмайди. Эҳтимол булар илк қалдирғочлар ва келгусида етказиб бериш ҳажми кўпаяр. Ушбу тўртта қурилма, агар кичик батарея қисми каби биргаликда ҳаракатланишса, қандайдир кичик участкада маълум бир эффект беради. Аммо шуниси аниқки, бу Украина истаган миқдор эмас. Уларга кўпроқ керак», – деган эксперт.

Давид Генделманнинг давом эттиришича, Украинага «юзлаб баравар ўт очиш тизимлари» зарур бўлади.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович америкаликлар жўнатаётган тўрт дона HIMARS баравар ўт очиш тизимлари «машғулот» қуроллари бўлиши, келгусида «улар кўп ҳажмда келиши»ни айтган. «Ўйлайманки, биттагина дивизион (18 та қурилма) эмас, кўпроқ – икки-учта бўлади, кўрамиз», – деган Арестович.