Жаҳон | 18:33 / 09.06.2022
24392
2 дақиқада ўқилади

«Ҳар куни 100 нафаргача жангчимизни йўқотяпмиз, 500 киши яраланмоқда». Украина мудофаа вазири — Донбассдаги жанг ҳақида

Фото: Rick Mave / SOPA Images / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Украина мудофаа вазири Алексей Резников мамлакат қуролли кучларининг Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидаги йўқотишлари ҳақида маълумот берди.

«Фронтдаги вазият жуда оғир. Биз ҳар куни 100 нафаргача жангчимиздан айриляпмиз, яна 500 нафаргача жангчи яраланмоқда», — дея ёзган Резников фейсбукдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, Россия армияси «ёппасига босимни давом эттирмоқда, жойида депсинмоқда, кучли қаршиликка дуч келмоқда, улкан йўқотишларга учрамоқда, аммо ҳозирча фронтнинг алоҳида участкаларида илгарилаш учун етарли кучга эга бўлиб қолмоқда».

Йўқотишлар борасида Резников томонидан келтирилган маълумотлар аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский айтганларига мос келади, у 1 июн куни Донбассдаги жангларда ҳар куни 60-100 нафар атрофида украин ҳарбийлари ҳалок бўлаётгани, 500 нафарга яқини яраланаётганини айтганди.

Резниковнинг постидаги асосий мавзу Украинага бошқа мамлакатлардан етказиб берилаётган қуроллар бўлган. Хусусан, у полшаликларнинг 155 миллиметр калибрли «Краб» ўзиюрар гаубицалари жангларда қўллаш учун тайёрлигини айтган.

  • Аввалроқ Ғарбдаги манбалар Донбассдаги жангларда россиялик ҳарбийлар артиллерия бобида катта устунликка эга эканини айтишганди.
  • Украина ва Россия уруш бошидан буён ўз йўқотишларини ошкор қилмасликка ҳаракат қилиб келмоқда, ҳар куни бериб бориладиган ахборотларда фақат рақибининг йўқотишлари ҳақидаги баҳолар берилади.

Мавзуга оид