Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг қўшма қарори 2026 йил 23 октябрда Адлия вазирлигида 2198-3-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Низомнинг янгиланган муқаддимасига кўра, ҳужжат асосий фаолият тури коммунал хизматлар кўрсатиш бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар тақдим этадиган қуйидаги хизматлар бўйича тарифлар ва харажатлар таркибини аниқлашни тартибга солади:
— ичимлик суви таъминоти;
— оқова сувларни чиқариб юбориш;
— иссиқ сув таъминоти;
— иситиш, яъни иссиқлик таъминоти.
Низомнинг 2-бандига мувофиқ, ушбу ташкилотлар кўрсатаётган коммунал хизматлари нархларини рақобат тўғрисидаги қонунчилик ва низом талабларига риоя этган ҳолда мустақил белгилайди.
Шу билан бирга, тарифларни давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 декабрдаги 722-сон қарори ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.
Қарор билан низомнинг 5-, 8- ва 23-бандлари ўз кучини йўқотган деб топилди. Шунингдек, иловадаги иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва узатишда ресурслар сарфи ҳамда технологик йўқотишларни ҳисоблашга оид ҳавола янгиланди. Энди унда 2026 йил 4 июнда 3846-сон билан рўйхатдан ўтказилган низом кўрсатилган.
Ҳужжатда коммунал хизматлар учун янги нархлар ёки тарифларни ошириш миқдори белгиланмаган. Ўзгартиришлар тарифларни шакллантириш тартибига тааллуқли.
Қарор расмий эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланган. Ҳужжат 2026 йил 24 октябрда Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган.

















