Tribuna.uz мухбирининг «Бунёдкор» стадионидан хабар беришича, яримфинал баҳсига маҳаллий томошабинлар киритилмаслиги сабабли ташкилотчилар стадионнинг автомобиллар тўхташ жойини фан-зонага айлантириб, монитор ўрнатган. Ўзбекистон – Япония учрашуви ушбу экранда намойиш этилади.
Аввалроқ, Тошкент ИИББ Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида, «Бунёдкор» стадиони атрофидаги айрим кўчалар транспорт ҳаракати учун вақтинча ёпилиши ҳақида хабар берган эди. Пойтахт ИИББ хабарига кўра, стадион атрофидаги кўчалар «йўл таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан» 15 июнь куни соат 17:00 дан соат 24:00 гача транспортлар юришига рухсат берилмайди.
Эслатиб ўтамиз, ОФК қарорига кўра Ўзбекистон – Япония учрашувига маҳаллий мухлислар киритилмайди. Япония олимпия жамоасининг эса 500 нафаргача томошабини стадионга киришига рухсат берилади. Учрашув соат 21:00да бошланиб, UzReportTV орқали жонли эфирда намойиш этилади.











