“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда “Рақамли ОКМК-2030” концепцияси доирасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, яқинда “Олмалиқ КМК” АЖнинг цемент корхоналарида “Тайёр маҳсулотни юклаш жараёнини автоматлаштирилган тарзда назорат қилиш тизими”ни жорий этиш ишлари якунланди.

– Тизим тайёр маҳсулотларни юклаш, мавжуд технологик ва бизнес жараёнларининг тезкорлигини ошириш, автоматлаштириш ва оптималлаштириш учун мўлжалланган техник дастурий ва аппарат воситаларининг йиғиндиси ҳисобланади, – дейди Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармасининг технологик жараёнларни бошқариш тизимларини автоматлаштириш хизмати бошлиғи Зарифжон Алимов.

– Аввалари, маҳсулот юклаш жараёнида инсон омили, бир қатор қоғоз ҳужжатлар, тушунмовчиликлар ва харидорлар орасида тартибсиз навбатлар вужудга келган. Замонавий тизимнинг жорий этилиши эса бир қатор қулайликларга сабаб бўлди. Мижоз заводнинг савдо-сотиқ бўлимига ташриф буюриб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва штрих кодга эга бўлади. Айнан шу ернинг ўзида электрон навбат ҳам шаклланади. Шундан сўнг, харидор назорат ўтказиш жойида штрих кодини сканердан ўтказади, ҳужжатлар тўғри бўлса, кириш учун рухсат олади. Сўнгги босқич юклаш жараёни ҳисобланади. Бунда ҳам штрих коднинг ўзи кифоя қилади.
Эътиборли томони, тизимнинг ўзи Савдо-сотиқ бўлимида расмийлаштирилган маълумотларга асосланган ҳолда маҳсулотларни автотранспорт ёки темирйўл транспорт воситаларига юкланади. Натижада юклаш ҳужжатларини тезкор қабул қилиш имкони яратилиб, хизмат кўрсатиш тезлиги 2 баробарга оширилди.
Бундан ташқари, автотранспорт ва махсус юклаш воситаси ҳамда темирйўл транспортининг давлат рақамини тизим видео тасвирга олиб штрих код билан солиштириб боради. Юклаш жараёни ҳам тўлиқ видеокузатув остида кечади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, бу каби дастурий таъминот ОКМКда илк маротаба қўлланилмоқда . У аввал мавжуд бўлган тизимлардан қулайлиги ва бир қатор афзалликлари билан ажралиб туради ҳамда жуда самарадор.















