Президент бу муассасанинг эски биносини ўтган йили 14 майда бориб кўрган эди. У пайтда шифохона Республика гематология маркази бўлиб, катталарга ҳам, болаларга ҳам бир жойда хизмат кўрсатиларди. Дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги 30 фоиздан ошмасди, дейилади расмий хабарда.
Бинодаги шароитлар ҳам ачинарли эди. Бир хонада 3-4 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Овқат учун ҳар бир беморга кунига 11 минг сўм ажратилган холос. Лаборатор таҳлилларнинг ярми хусусий клиникаларда ўтказиларди.
Шундан сўнг, бу ерда кўрилганлар, ота-оналар ва мутахассислар билан мулоқотлар асосида, Президентимиз 2021 йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, болалар гематологияси ва онкологияси соҳаси катталар шифохонасидан ажратилиб, алоҳида марказга айлантирилди. Бу муассаса учун Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасида қурилган янги бино берилди ва жорий йил январдан иш бошлади.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги шароитлар билан танишди.
Янги марказда ўринлар сони олдинги 85 тадан 160 тага етказилган. Бемор бола ва унинг ота-онаси учун алоҳида шарт-шароитлар яратилган.
Бугунги кунда 101 нафар бола даволанмоқда. 130 дан ортиқ шифокор, жумладан, 38 нафар илмий ходим ва юзлаб ҳамширалар уларни парваришламоқда.
Болалар онкогематологияси, гематология, онкология, реанимация, гемодиализ ва плазмоферез бўлимлари, стационар ва маслаҳат поликлиникаси замонавий жиҳозланган. Бу йил аввалгиларига қўшимча 14 турдаги асбоб-ускуна келтириб ўрнатилди.

Дори воситалари билан таъминлаш даражаси ҳам оширилди. Масалан, 2016 йилда бунинг учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, ҳозир бу миқдор қарийб 60 баравар оширилиб, 170 миллиард сўмга етди. 91 турдаги онкогематологик дори воситалари давлат ҳисобидан бепул берилмоқда.
Чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланди. Жумладан, ўзак хужайралари трансплантацияси сони ошди.
Яна бир муҳим жиҳати, молекуляр генетика, иммуногистохимия каби мураккаб ташхислар шу ернинг ўзида йўлга қўйилди. Илгари бунинг учун намуналар Ҳиндистон, Туркия, Россия каби давлатларга текшириш учун юборилар эди.




















