Ўзбекистон | 10:48 / 19.06.2022
51083
9 дақиқада ўқилади

Қудуқдаги зулматдан — озодликка: қутқарилган болакайнинг исми халоскорлари шарафига ўзгартирилади

Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида артезиан учун қазилган қудуққа тушиб кетган 6 ёшли Дониёрбекни қутқариш операцияси муваффақиятли якунланди.

Ушбу воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Kun.uz жамоаси Қашқадарёга бориб, қутқариш операциясида қатнашганлар, гувоҳлар ва қутқарилган болакайнинг ота-онаси билан суҳбатлашди.

Чироқчи туман ҳокими Нодир Эркаев қутқарув операцияси ҳақида қисқача сўзлаб берди. Гўдакнинг бир оёғи тик ва қўллари осмондан бўлиб, чуқурлиги 25 метр, диаметри 25 см бўлган чуқурга тикка кириб кетгани, уни қутқариш учун кўплаб техникалар жалб қилинганини сўзлаб берди.

Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев.

Қутқарилган Дониёрбек зудлик билан Чироқчи туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига келтирилган. Бир борган куни у умумий палатага ўтказилган экан. Биз палатага кириб келганимизда бола осма укол олаётган ва у чуқур уйқуда эди. Унинг отасидан воқеа тафсилотларини сўрадик.

Дониёрбек Жўраев.

Отаси Ҳасан Жўраевнинг ҳикоя қилиб беришича, 12 июн якшанба куни тушга яқин ҳовлида беда ўраётганида, ёнида ўйнаб турган ўғилчаси бехосдан қудуққа тушиб кетган.

Дониёрбекнинг отаси Ҳасан Жўраев.

«Қудуқни ҳамқишлоқлар билан сув чиқариш учун қазиган эдик. 130 метргача қазиб борганимиздан сўнг сув чиқмаган, қудуқни кўмдим. Унинг юқоридаги маълум бир қисмини кейинчалик яна бир уриниб кўриш учун кўмилмасдан қолдиргандим. Қудуқнинг оғзига тунука билан беркитилиб, тош бостириб қўйган эдим. Эътиборсизлик қилдим, болам тушиб кетди», — деди Ҳасан Жўраев.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эркин Арзиев болакайнинг ҳозирги аҳволига тўхталиб, қутқариш операциясида шахсан ўзи ҳам қатнашганини, уларнинг бирдан бир вазифаси бола тирик қолиши учун курашиш бўлганини айтиб берди.

Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эркин Арзиев

«Чақирув бўлгач, биз зудлик билан 12 та кислород баллон билан етиб бордик. Ичкарида бола нафас олишда қийналмаслиги учун шланг билан кислород юбордик, шунингдек егулик ва сув туширдик. Бола совуқ қотмаслиги ва қўрқмаслиги учун электр сим билан лампочка туширдик. Туни билан қудуқ оғзида боланинг қариндошлари, қутқариш хизмати ва тиббий ходимлар навбатчилик ташкил қилдик», — деди Э.Арзиев.

Қутқариш операциясидан лавҳа. ФВВ видеосидан скриншот

Биз бўлиб ўтган воқеа жойини ўз кўзимиз билан кўриш учун лангар қишлоғига йўл олдик. У туман марказидан 50 км олисда — тоғ қўйнида жойлашган экан.

Бахтсиз ҳодиса рўй бергач, албатта, қишлоқда шов-шув кўтарилган. Маҳалла оқсоқолларидан бири Маҳмудхон Қодиров шундай ҳикоя қилади.

Лангар маҳалласи фаоли Маҳмудхон Қодиров

«Бу хабар қишлоққа яшин тезлигида тарқалди. Шунчаликки, нариги қишлоқлардан ҳам бир зумда техникалар етиб кела бошлади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ҳокимлик ходимлари, тиббиётчилар зудлик билан етиб келишди. Қишлоғимизнинг йигитлари ҳам қараб туришгани йўқ. Ким кетмон, ким қўлида курак билан хизматга шай бўлиб туришди», — деб ҳикоя қилди М.Қодиров.

Гувоҳларнинг ҳикоя қилиб беришича, қудуқ атрофини очиш учун чақирилган техникалардан иккитаси ҳали ишга киришмасиданоқ бузилиб қолган. Ишни давом эттириш учун тик қир устига бошқа техникалар чақирилган.

Чироқчи туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг бўлинма бошлиғи Озодбек Жаъфаров қутқарувчилар етиб келгунча ҳам маҳалла аҳли болани қутқаришга урингани, тўғри хатти-ҳаракатларни амалга оширишгани, чунончи компрессор ёрдамида қудуққа ҳаво юборишни йўлга қўйишганини ҳикоя қилиб берди.

Чироқчи туман фавқулодда вазиятлар бўлимининг бўлинма бошлиғи Озодбек Жаъфаров

«Қутқарув режасига кўра, қудуқдан 2,5–3 метр масофада 26 метр чуқурлик қазиб, болани остидан чиқариб олиш мақсад қилинган эди. Бироқ қарийб бир сутка ишлаган техника 13 метрга етганда ер жуда қаттиқ чиқиб қолди. Қазиш учун яна камида бир сутка вақт талаб қилинар эди. Бунча муддатга бола чидаб бера олмаслиги мумкин эди. Шу сабабли чуқурдан асосий қудуққа горизонтал йўлак очиб, одам тушириб тортиб олишга қарор қилинди», — деди О.Жаъфаров.

Қутқариш операциясидан лавҳа. ФВВ видеосидан скриншот

Аввал қутқарувчилардан жуссаси кичикроғи уриниб кўради. Маълум бир масофага бориб унинг елкаси қисилиб қолгач, кичикроқ йигитлар, мактаб ўқувчилари тушириб кўрилади.

Дониёрбекнинг қишлоқдоши Ҳамза Муҳаммадиевнинг ҳикоя қилишича, 2-синфда ўқийдиган ўғлини қудуққа оёғидан боғлаб туширишганда у қўрқади. Сўнг ўзи уриниб кўради, аммо 8 метргача бориб қисилиб қолади...

Дониёрбекнинг ҳамқишлоғи Ҳамза Муҳаммадиев.

6 ёшли Дониёрбек оиладаги уч ўғилнинг ўртанчаси экан. Ҳозир тўртинчи фарзандини кутаётган Дониёрбекнинг онаси Лайло Ҳайитова шундай ҳикоя қилади:

«Болам жуда ўйинқароқ. Ўт ўраётган отасининг кетидан эргашиб, ҳовлида ўйнаб туриб, қудуққа тушиб кетибди. Бўларим бўлди. Болам 4 ойлигида эмлашдан реакция бериб, тутқаноғи тутиб қоладиган дардга йўлиққан. Доим ўзим парваришлаб, овутаман. Ичкарида тутқаноғи тутиб қолса нима бўлади, деган ўй мени кемирди. Отаси қудуқ ичида ҳам бир марта тутқаноғи тутиб қолганини айтиб берди», — деди онаси.

Дониёрбекнинг онаси Лайло Ҳайитова

Туйнукка эпчилроқ ўсмир болалардан бирини туширишга аҳд қилинган, бу афтидан осон иш кўринса-да, ниҳоятда асабий ва хатарли иш эди. Чунки иккита қурбон бўлиши эҳтимоли бор эди.

Маҳмуджон Қодировнинг ҳикоя қилиб беришича, олти бор самарасиз уринишгач, қўшни Тарағай қишлоғида ов қилиб, ёввойи ҳайвонларнинг уяларига ҳайиқмай кириб юрадиган бола — 108 мактабнинг 8-синфини тугаллаган Озодбек Йўлдошев ҳақида хабар чиқади.

Озодбекнинг отаси Тўйчи Муродовнинг ҳикоя қилиб беришича, унга қўнғироқ бўлади. Қишлоқда бўлмаган ота ўғлидан телефон орқали уриниб кўрасанми, деб сўрайди. Болакай розилик беради.

Озодбек Йўлдошев отаси Тўйчи Муродов билан

Чуқурга шўнғиган Озодбекнинг ҳам илк уриниши муваффақиятсиз якунланади. Арқонни унинг қўлтиқлари остидан ўтказишга уринганида оёғи тепага қайрилиб қолган бола оғриқдан чинқириб юборади ва Озодбек қўрқиб кетади. Ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлган вақтда у албатта бу ишни бажаришини, бунга кўзи етаётганини айтади. Ниҳоят, орадан қарийб бир сутка ўтгач, Озодбек Дониёрбекнинг қўлига арқон боғлашга муваффақ бўлади. Қутқарувчилар уларнинг ҳар иккисини пайдар-пай тепага тортиб олишади. Ҳайратланарли жойи — Озодбек болани тортиб олиш учун иккинчи марта пастга тушганда Дониёрбекнинг ҳар икки оёғи пастда бўлади. Тор жойда болакай қандай қилиб оёғини йиғиштириб ололгани эса жумбоқ...

Дониёрбекнинг қутқариб ташқарига чиқарилишини йиғилган барча қарсаклар ва қийқириқлар билан қарши олади. Одамларнинг кўзида севинч ёшлари йилтиллайди.

Қутқариш операциясидан лавҳа. ФВВ видеосидан скриншот

Дониёрбекнинг онаси ҳам, отаси ҳам Дониёрбекни қутқаришда иштирок этган барчага ташаккур айтди. Қутқарув операция тепасида турган вилоят прокурори, туман ҳокими, қутқарувчилар, врачлар, техникаларни бошқарганлар, қишлоқдошлар — барча-барчасидан миннатдор эканини изҳор этишди.

Бола қутқарилгач ташқаридаги босим туфайли ҳушидан кетади. Унга зарур тез ёрдам кўрсатилиб, зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига жойлаштирилади. Ҳозир унинг аҳволи яхши.

Айни пайтда тўртинчи фарзандини кутаётган Лайло Ҳайитова беш йилдирки, бемор боласини даволатиш учун самарасиз уриниб келишганини гапириб берди. Болакай ақлий ривожланишдан бироз ортда қолган. Уни тўлиқ даволаса бўлади, аммо бунга оиланинг қўли калталик қилмоқда.

Лайло Ҳайитова фарзандлари билан

«Касалчилик жуда қийин экан. Топган-тутганимиз шу болани даволатишга кетади. Тошкент ва Самарқандга оборамиз, дўхтирлар даволаш бўйича кўрсатма беришади. Пул етмайди. Эшигимизда мол йўқ. Сув ташишга эшагимиз ҳам йўқ. Сув чиқарамиз, деб мана шу аҳволга тушиб ўтирибмиз», — деди Дониёрбекнинг онаси.

Агар ушбу сатрларни ўқиб, кимдадир Дониёрбекнинг даволаниши учун ёрдам қилиш истаги бўлса, болакайнинг онаси Лайло Ҳайитова номига очилган пластик картага пул ўтказиб бериши мумкин.

UZCARD: 8600 0609 4155 8323

Бир боланинг қутқарилиш тарихи мана шулардан иборат. ФВБ қутқарувчиси Озодбек Жаъфаров ва унинг ҳамкасблари, Эркин Арзиев бошчилигидаги врачлар, 108-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Озодбек Йўлдошев Дониёрбекни қудуқ чангалидан озод қилиб, иккинчи ҳаёт бахш этишганиданмикан, ота-онаси унинг исмини ҳам Озодбек деб ўзгартириш нияти борлигини маълум қилишди. Ким билади дейсиз, шу воқеа баҳона болакай ўзини қийнаб келаётган дарддан ҳам халос бўлар...

 

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид