Ўзбекистон | 11:46 / 21.06.2022
5634
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Тожикистондан ўтказилган гиёҳванд моддалар билан ушланган наркосавдогарларга суд ҳукми ўқилди

Ўзбекистонда наркосавдогарларга суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бермоқда.

1984 йил Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро М.Б. муқаддам наркотик моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланиб, маълум бир муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаганидан кейин, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган вақтида, яна шундай жиноятга қўл урди.

У 2021 йил сентябрь ойида Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент шаҳрида яшовчи шахс томонидан Самарқанд вилояти Булунғур тумани ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга яшириб кетилган 9 кг 751 гр “опий” гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.

Аниқланишича, тожикистонлик наркосавдогар ушбу ажал оғусини кейинроқ керакли манзилга етказиб бериши учун самарқандлик наркокурьерга 10 минг АҚШ доллари бериши лозим бўлган.

Суд ҳукмига кўра қонунбузарга нисбатан 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди. 

2021 йил сентябрь ойида қайд этилган бошқа ҳолатда эса ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ҳамда ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган “Киа-Бонго” русумли автомашина Самарқанд вилоятининг “Юқори нуқта” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, унда кетаётган Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган Ҳ.З. ва 1991 йилда туғилган М.Х.га тегишли 5 кг 953 гр “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Улар Тожикистондан контрабанда йўли билан ўтказилган ушбу ажал оғусини Ўрикзор бозори ёнида номаълум шахслардан қабул қилиб олиб, келгусида уни сотиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилган. Гиёҳвандлик воситаси учун улар тожикистонлик наркосавдогарга 36 минг АҚШ доллари берган.

Суд ҳукмига кўра қонунбузарлар Жиноят кодекси 273-моддаси 5-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ҳар бирига 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид