Тошкентда ўртача ойлик ёғингарчиликнинг 130 фоизи кузатилди
Тошкент шаҳрида июнь ойида ўртача ойлик ёғингарчиликнинг 130 фоизи кузатилди. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар бермоқда.
Хизмат марказининг жойлардаги кузатув станция маълумотларига кўра, мазкур ой бошидан 21 июнь кунига қадар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ёғингарчилик меъёрдан кўп кузатилди. Ой бошидан Тошкент шаҳрида ўртача ойлик ёғингарчилик 130 фоизи кузатилди. Ўзбекистон катта қисмида эса ёғингарчилик умумий миқдори ўртача ойлик иқлимий кўрсаткичлардан кам бўлди.
20-22 июнда республика ҳудуди бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши, айрим жойларда дўл ёғиши мумкинлиги ҳақида шошилинч ахборот хабари берилган. Хабарда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Фарғона водий вилоятлари тоғолди ва тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши қўшимча қилинган.
19-20 июнь кунлари республика ҳудудларига Қора денгиз ва Кавказ ҳудудларидан ғарбий нам ҳаво массалари кириб келиши қайд этилди. Бу жараён кучли шамол ва айрим вилоятларда кучли ёғингарчиликлар бўлишига олиб келди. Кучли ёғингарчиликлар республика жанубий ва шимоли-шарқий ҳудудларида кузатилди. Тошкент шаҳрида 20 июнь кундуз куни вақти-вақти билан кучли жадал ёғингарчилик кузатилди. Ёғингарчилик умумий миқдори пойтахтда нотекис тақсимланди.
“Ўзгидромет”нинг асосий кузатув станцияси жойлашган Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Тошкент-Обсерватория” ҳудудида қисқа вақт оралиғида ёғиб ўтган умумий ёғингарчилик миқдори 15 мм (ўртача ойлик ёғингарчилик миқдорига тенг кўрсаткич) бўлган бўлса, пойтахт бошқа бир қисми - халқаро аэропорт ҳудудидаги кузатув станциясида бу кўрсаткич 21 мм.ни ташкил этди. Ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида ёғиб ўтди.
Сутканинг 12 соат ичида 15 мм ва ундан кўп ёғингарчилик кузатилиши бу хавфли метеорологик ҳодиса ҳисобланади. Ёз ойларида бу каби ёғингарчилик одатда интенсив (жадал) кўринишда ёғиши ҳисобига, йўлсозлик ва қурилиш объектларида нотўғри ёндашув асосида барпо этилган объектлар (лоток, сув ўтказиш иншоотлари, дренаж, кучли ёғингарчиликка бардошли том ёрилмалари) сел-сув босиш ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин.
Ёз ойларида пойтахтда 12 соат ичида 15 мм.дан кўп ёғингарчиликлар кузатилиши жуда кам ҳолатларда рўй беради. Тошкентда охирги ўн йилликда ёз дастлабки июнь ойида биргина ҳолатда сутка давомида 15 мм.дан кўп ёғингарчилик кузатилган. 2019 йилнинг июнь ойи бошларида (3 ва 6 июнь) Тошкентда икки кун ичида умумий 56 мм ёғингарчилик қайд этилди. Ёғингарчиликлар дўл ва кучли жадал ёмғир кўринишида ёғиб ўтган.
Мавзуга оид
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024
Тошкентда метро станциясида ҳожатини чиқарган эркак бўйича маълумот берилди
15:40 / 06.11.2024
Октябр ойи метеорологик кузатувнинг барча йиллари учун энг ёмғирли бўлди
13:06 / 06.11.2024