Улар “Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар – Карачи” йўналиши бўйлаб босиб ўтилган йўлдаги ҳадик, чарчоқлар ва қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб беришди.
Суҳбатдошларимиз Дилмурод Норматов ва Ойбек Бегматов – узоқ йиллик тажрибага эга, юк машинаси рулида минглаб километр масофаларни босиб ўтган халқаро ҳайдовчилардир. Улар илк сафарларида Покистондан гўшт олиб келишди.
“Тескари дунёга тушиб қолгандек бўлдик”
Дилмурод Норматов:
— 1992 йилдан бери юк ташиш соҳасидаман. Покистонга бориб, юкни олиб келиш таклифи логистик компаниямизнинг раҳбаридан чиқди. Раҳбаримиз ҳам капитан Кусто бор-ку, ўшанга ўхшаган одам, саёҳатни жуда яхши кўради. “Кетдик, ўша ерлар (Афғонистон, Покистон)ни бир кўриб келайлик”, деди.
Йўлни билмаганингиздан кейин, қисқа бўлса ҳам узоқ бўлиб туюлаверади-да. Юрмаганмиз, биринчи маротаба. Афғонистонда ривожланиш оқсаган-да энди, уруш кўп бўлган у ерларда, шунинг учун у ердаги халқни тушунса бўлади, ҳамма кўп нарсалардан қўрқади. Талафот бўлган кўп жойлари бор, биз шу ёшга кириб, бу нарсаларни киноларда кўрганмиз-да. Лекин тирик кўрмаганмиз. Ҳақиқийсини кўрсангиз, бошқача бўлади.
Чегарадан ўтганда бизга ғалати кўринди. Умуман, бизнинг давлатда, бошқа томонларда ҳарбий кийимни кийган ёки формаси бор одамлар қурол кўтариб юрса, биз биламиз, бу – чегарачи, ҳарбий одам. Қурол уники. Энди у ерга ўтганидан кейин, ҳамма ўзининг кийимида, худди мен кийиб юрган оддий кийимда кўчада автомат билан юрибман, ҳаммага ғалати кўринади, бу жинни ёки террорист дейишади. Лекин ўрганиб кетдик бунга ҳам.
Мен ўзимнинг фикрим, тескари дунёга тушиб қолдик-да биз.
“ГАИ” йўқ, қонун-қоида йўқ”

Ойбек Бегматов:
— Беларусда юк ортиб турган вақтим, логист қизимиз қўнғироқ қилиб: “Покистондан Афғонистон орқали гўшт ташимоқчимиз, шу Афғонистонга борасанми?” деб сўради. Мен айтдим: “У ерга одам борганмикан, ўтганмикан? Агар ўтмаган бўлса, мен бормайман”, дедим. Бормайман деганларнинг биринчиси менман. Биз 4-5 нафар ҳайдовчимиз, шеригим ҳам бормайман деди бошида.
















