Сўнгги 70 йил ичида инсоният 8,3 миллиард тонна пластмасса ишлаб чиқарди. Уларнинг аксарияти чиқиндихоналар ва атроф-муҳитга ташлаб юборилган. Оқибатда сув ҳавзалари ва тупроқ ифлосланмоқда. Шунингдек, пластик зарралари одам вужудига ҳам кириб келган. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, инсонлар ҳафтасига ўртача 5 грамм микропластик истеъмол қиляпти, бу банк картасининг оғирлиги билан тенг. Мақоламизда микропластик зарралари, уларнинг манбалари, саломатликка таъсири, зарарини камайтириш бўйича тавсиялар ҳақида маълумот берамиз. 

Антарктидадаги пластик чиқиндилар (David Pereiras / shutterstock.com) 

Вена тиббиёт университети олимлари тадқиқоти натижаларига кўра, бир киши ҳафтасига ўртача 5 граммгача микро ва нанопластик истеъмол қилади. Бу эса банк пластик картасининг вазни билан тенг. Бундай таққослашдан сўнг, ҳафтасига 5 грамм пластик арзимас нарсага ўхшамайди. Агар йил миқёсида оладиган бўлсак, тахминан 250 грамм пластик чиқади. Бу 230 та коктейль найчаси ёки 8 та ярим литрли пластик идишнинг оғирлиги билан тенг. 

Микропластик танамизга қандай тушади, нима учун у одам ва табиат учун зарарли? 

Ҳаётимиз табиатдаги моддаларнинг узлуксиз айланишидан иборат. Биз уйғонамиз, ваннага кириб, тишларимизни паста билан тозалаймиз. Танамизни совун ёки гель, сочимизни шампунь билан ювамиз. Кўйлагимизни кир ювиш машинасида ювамиз ва қуритамиз. Бу жараёнлардан сўнг, таркибида маиший кимё қолдиқлари бўлган сув канализацияга оқиб кетади. У ердан эса дарё ва каналларга тушади. Уларнинг таркибидаги кимёвий моддалар – хлор, турли заҳарли химикатлар, канцероген моддалар атроф-муҳитга тарқалади. 

Эҳтимол, уларни йўлда тозалаш иншоотлари кутаётган бўлиши мумкин, лекин афсуски, ҳар доим ҳам эмас. Агар бор бўлган тақдирда ҳам улар барча майда зарраларни, айниқса микропластикни фильтрлай олмайди. 

Шундай қилиб, тиш пастаси, шампунь ва кир ювиш воситаларининг жуда кичик зарралари сувга ёки тупроққа тушади. Улар балиқ ёки ҳайвонлар томонидан истеъмол қилинади. Биз эса уларни еймиз. 

Жамоат транспорти бекатида туриб, автобусни кутаётганимизда чиқинди газларини ҳидлаймиз, ҳаводаги майда қаттиқ зарраларни, шу жумладан ейилиб кетаётган шина қолдиқларини ютамиз. Ҳатто шахсий машина ҳам вазиятни ўзгартирмайди – вентиляция ёки кондиционер орқали ташқаридаги ҳаво оқими салонга киради. 

Кечқурун эса уйга қайтамиз ва яна худди шундай вазиятга тушамиз. Ҳолат кундан кунга, йилдан йилга такрорланаверади. Кейин биз ҳафта ичида 5 грамм пластикни қандай истеъмол қилганимизга ҳайрон бўламиз.