Ростов областининг Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида иккита дрон орқали йўлланган зарбалардан кейин ёнғин рўй берди. Маҳаллий расмийлар бу ҳодисани украин ҳарбийларидан гумон қилмоқда. Бу сўнгги уч кун ичида бу каби иккинчи ҳужум бўлди - аннексия қилинган Қрим ҳукумати ҳам душанба куни Украина томонини «Черноморнефтгаз» бурғилаш платформасига ҳужум уюштиришда айблаганди. Киев икки ҳодисага ҳам ҳозирча муносабат билдирмади.
Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводида маълум қилишларича, корхона ҳудудида ёнғин иккита учувчисиз учиш қурилмалари зарбаларидан кейин чиққан. Дастлабки зарба Москва вақти билан соат 08:40 да, иккинчиси соат 09:23 да қайд этилган. ФВВнинг Ростов области бўйича бошқармаси хабар қилишича, ёнғин тўғрисидаги хабар маҳаллий вақт билан соат 9:25 да (Москва вақти билан бир хил) етиб келган.
Завод сайти хабарида айтилишича, биринчи зарба ЭЛОУ-АВТ-2,5(I) нефтни қайта ишлаш блокининг технологик ускунасига келиб тушган. Ҳаво совиткичларининг босими тушиши натижасида углеводород гази ажралиб чиққан, портлаш ва ёнғин рўй бериб, ён атрофдаги завод ускуналарига тарқалган.
Иккинчи зарба нефт хомашёси сақланадиган объектларга йўлланган. Зарба натижасида резервуар парки ускуналари механик шикастланган, завод сайтида айтилишича, бу ҳолатда ёнғин рўй бермаган.
ФВВ маълумотига кўра, ёнғин майдони 50 квадрат метрни ташкил этган, соат 10:50 да ёнғин бутунлай ўчирилган. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот йўқ.
Завод Новошахтинск шаҳри яқинида, Украина чегарасидан 15 километр масофада жойлашган.
ТАСС маҳаллий ҳукумат органларидаги манбасига таяниб хабар беришича, ёнғин завод конструкциясига украинлар дрони келиб урилишидан кейин бошланган.
«Ёнғин арафасида ходимлар украинлар учувчисиз учар қурилмасини кўришган. У завод конструкциясига урилган, шундан кейин портлаш ва ёнғин рўй берган», деган агентлик суҳбатдоши.
Агентликнинг куч ишлатар тузилмалардаги манбаси завод ҳудудида иккита украин дрони учиб ўтганини маълум қилган.
Кейинроқ Ростов области губернатори Василий Голубев завод ҳудудидан иккита дрон бўлаклари топилганини хабар қилди.
«Версиялардан бирига кўра, ёнғин учувчисиз учиш қурилмаси билан заводнинг техник қурилмаларига ҳужум қилиниши оқибатида келиб чиққан. Завод ҳудудида иккита учувчисиз учиш қурилмаси бўлаклари топилган. Завод фаолияти тўхтатилган. Тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.



















