UzAuto бозорига автомобилларнинг олиб кирилишида дастлаб истеъмолчиларнинг фикрини ўрганиш анъанага айланди. Бу ўз навбатида компаниянинг барча маҳсулотларини маҳаллий шароит ва афзалликларга мослаштиради.

Истеъмолчилар эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида, BYD автомобил моделларининг плагинли гибрид электромобиллари (PHEV) прототиплар сифатида тақдим этилди.

"Car Clinic" иштирокчилари тақдим этилган моделларнинг техник хусусиятлари орасида BYD томонидан ишлаб чиқарилган портлаш ва ёнғинга чидамли Blade Battery аккумуляторларнинг мавжудлигини қайд этишди.

Бу аккумулятор тўлиқ заряд ва тўлиқ ёқилғи бакида 100 км учун атиги 3,8-4,5 л ёқилғи сарфи билан 1 200 кмгача масофани босиб ўтишга имкон беради. Тезлашув вақти 100 км/сга 7,3-7,9 сонияни ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, Хитойда автомобилнинг биринчи эгалари учун унинг асосий қисмлари (аккумулятор, двигател ва электрон бошқарув тизими)га умрбод кафолат берилади. Автомобил кафолати 6 йил ёки 150 000 км бўлиб, бу эса автомобилнинг юқори ишончлилигидан далолат беради.
Барча учун алоҳида ижобий факт бу турдаги автомобилларни бошқаришнинг тежамкорлиги бўлди – тахминларга кўра, PHEV’нинг йиллик эксплуатация харажатлари бошқа автомобилларга қараганда 400 долларга кам.

Ақлли бошқарув тизими ва 360° камераларнинг мавжудлиги автомобилни телефон орқали бошқариш, шунингдек, унинг жойлашувини, камералардан олинган маълумотларни, ёқилғи сарфини, иситиш ва совитиш тизими ва бошқа бир қатор тизимларни бошқариш имконини беради.

Буларнинг барчаси, замонавий автомобил дизайни билан бир қаторда шунингдек, катта дисплей (уни текисликда 90 градусга кенгайтириш имконияти билан), адаптив круиз-контрол, йўналишни бошқариш, ҳавони тозалаш тизими, симсиз зарядлаш ва бошқа кўплаб функционал имкониятларнинг мавжудлиги, футуристик дисклари билан BYD автомобилларини сотиб олиш учун энг функционал ва мақбуллардан бирига айлантиради.



















