Жаҳон | 13:59 / 25.06.2022
14386
3 дақиқада ўқилади

Греция россияликлардан визага ариза қабул қилишни тўхтатди

Греция виза маркази техник сабабларни келтирмоқда. Аввалроқ Россия ТИВ Греция россияликлар учун дам олишга хавфсиз жой эмаслигини маълум қилганди.

Фото: Picture Alliance

Греция виза маркази Россия фуқароларидан виза олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни тўхтатди, Грециянинг Москва, Санкт-Петербург ва Новороссийскдаги консулликлари 27 июнь, душанбадан бошлаб аризаларни кўриб чиқмайди. Бу ҳақда виза маркази расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилган. Марказ техник сабабларни келтирган, бироқ виза беришни қайта тиклаш муддати кўрсатилмаган.

«Ҳурматли аризачи, техник сабабларга кўра Грециянинг Москва, Санкт-Петербург ва Новороссийскдаги бош консуллиги номаълум муддатга виза учун аризаларни кўриб чиқишни тўхтатади. 27 июндан бошлаб виза марказларида қабулга ёзилган фуқаролар учрашувни кейинги вақтга кўчиришлари мумкин, буни ru-gr.gvcworld.eu сайтида электрон тизимга жойлар қўшилганидан кейин амалга ошириш имкони бор. Барча виза марказлари 24 июнгача маслаҳат олиш, қайта ишлаш ва паспортларни бериш учун очиқ бўлади», — дейилади ҳужжатда. 

Россия туроператорлари ассоциацияси туроператор компаниялардан бирига таяниб, Греция виза маркази тизимини янгилаётгани ҳақида хабар берди. Ассоциация маълумотларига кўра, виза маркази 24 июнь куни россияликлардан визага ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирган. Ўша пайтда марказнинг ўзида ҳеч қандай хабар эълон қилинмаган. 

Аввалроқ, Россия ТИВнинг Тўртинчи Европа департаменти директори Юрий Пилипсон Греция энди Россия фуқаролари учун дам олиш учун хавфсиз эмаслигини, чунки вазирлик, унинг сўзларига кўра, «россияликларни камситиш, рус тилида сўзлашувчи фуқароларга тўғридан тўғри тажовуз ҳолатлари тўғрисида хабарлар олишда давом этаётгани»ни маълум қилганди.

Бир неча кун олдин, Чехия ҳукумати Россия ва Беларус фуқароларига визалар ва яшаш учун рухсатномалар беришни тақиқлаш ҳақидаги қарорни 2023 йил март ойи охиригача узайтирди. Прага буни Россия ва Беларусни тажовузни тўхтатишга мажбурлаш истаги билан изоҳлади. 

Чехия ҳукумати биринчи марта Россиянинг Украинага бостириб киришидан кўп ўтмай шундай тақиқни жорий қилди. Худди шундай қарорлар Латвия, Литва ва Эстония томонидан ҳам қабул қилинди. 

Аввалроқ, уруш бошланганидан кейин Россиядан тўғридан тўғри рейслар сони 62 фоизга камайгани, энди фақат 19 давлатга бевосита бориш мумкинлиги хабар қилинганди. АҚШ, Канада ва Европанинг Сербиядан ташқари барча давлатлари Россия самолётларининг ўз ҳаво ҳудудига киришини тақиқлади. 

Ғарбнинг кўплаб авиаташувчилари Россияга парвозларни тўхтатди. Россияга энди Туркия, Сербия ёки Форс кўрфази мамлакатлари орқали қўниш билан учиш керак. 

Мавзуга оид