Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг таклифига биноан 24 июн куни BRICS+ форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда иштирок этди.

Президент матбуот хизматига кўра, Хитой томони раислигида ўтган онлайн форумда дунёнинг 18 мамлакатидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари билан бир қаторда Аргентина президенти Алберто Фернандес, Индонезия президенти Жоко Видодо, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Бразилия вице-президенти Гамилтон Моурау, шунингдек, Камбоджа, Малайзия, Таиланд, Фижи ва Эфиопия ҳукуматлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мавзуси – глобал шерикликни ривожлантириш ва Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини биргаликда илгари суриш масалалари бўлди.

Хавфсизлик ва барқарорлик борасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, савдо ва инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, юқори технологиялар ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, экология, гуманитар соҳаларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти ўз нутқида BRICS+ форматидаги мулоқотнинг Барқарор ривожланиш кун тартибини илгари суришда инклюзив шериклик учун зарур платформа сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бугунги дунё қатор таҳликали жараёнлар билан кечаётган чуқур трансформация даврида яшаётгани – халқаро кескинлик тобора кучайиб бораётгани ва тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлаётгани қайд этилди.

Иштирокчиларнинг эътибори “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ислоҳотларни амалга оширишни изчил давом эттираётган Янги Ўзбекистон бундай шароитда кенг кўламли ҳамкорлик, шу жумладан “Жануб-Жануб” форматидаги шериклик учун очиқ эканига қаратилди.

Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатларни енгиб ўтиш мақсадида савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини яратиш, саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмани модернизация қилиш, технологиялар трансфери ва инновацияларни жорий этиш, сунъий интеллект, рақамлаштириш, биотехнологиялар, вакциналар ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.