“Қўлингдаги терговчилик шамширингни сермаб боравер, охири кимгадир тегади. Бу ерда ҳамма жиноятчи, шунинг учун сенинг хатти-ҳаракатларинг барибир тўғри бўлиб чиқади ва оқланади”.

“Қабоҳат ёхуд “ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” асарида юқоридаги жумла 80-йилларда Ўзбекистондаги порахўрликларни текшириш учун СССР прокуратураси юборган терговчилар Гдлян ва Ивановнинг тергов қилиш шиори бўлгани айтилади.

Китоб маълум маънода ўзбек халқи олдида Телман Гдлян ва Николай Иванов қабоҳати учун СССР Бош прокуратураси номидан ўзбек халқидан сўралган узр деб ҳам қабул қилиниши мумкиндир балки.

Виктор Илюхинга ишонса бўладими?

1983-1989-йилларда шунчалик кўп адолатсизликка йўл қўйилганки, юзлаб гуноҳсиз кишилардан Гдлян ва Иванов устидан қонунчилик бузилаётгани ҳақида СССР прокуратурасига аризалар ёғила бошлаган. Натижада прокуратура 1989 йил 25 майда Ўзбекистонда чексиз ҳокимиятга эга гдлянчилар устидан жиноят иши қўзғатади.

Терговчилар бригадасига Виктор Илюхин бошчилик қилади. У Ўзбекистонда 8 ой давомида тинимсиз текширув ҳаракатларини олиб бориб, масъум одамлар додини эшитади, юзлаб гувоҳлар билан гаплашади. Гдлянчилар ишини обдон текширади, рад этиб бўлмас далиллар тўплайди.

“Қабоҳат ёхуд “ўзбеклар иши” деган уйдирма хусусида” китоби ҳам шундан кейин дунёга келади. Китоб 1993 йилда “Ўзбекистон” нашриётида 50 минг нусхада босилади.

Асар ҳақида қисқача

Фото: Kun.uz

Илюхиннинг ёзишича, 1983 йилда Давлат хавфсизлик қўмитаси терговчиларидан Бухоро шаҳар саноат моллари савдоси бўлими директори Ш.Қудратов, Бухоро вилояти давлат автомобил назорати бошлиғи Музаффаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши билан бошланган иш, кейинчалик Гдлян қўлига ўтади. Ва бутунлай унинг сиёсий нуфузи манфаатларига бўйсундирилади.

Аслини олганда, Гдлян бу ишдан Ўзбекистондаги партия, совет ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кадрларни “овлаш”дан иборат ўз режаларини амалга оширишда фойдаланади.

5 қисмга бўлинган китобнинг дастлабки бўлимида Гдлянчилар одамларни қандай қилиб ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлагани гувоҳлар тилидан ёзиб олинган парчалар билан далилланади. Кейинги бўлимида ўша пайтда СССР ва Ўзбекистонда юқори мансабда ишлайдиган амалдорларга қандай айб тўнкалгани, бундан Гдлян ва Иванов нимани кўзлагани ҳақида текширув натижалари келтирилади.