Қарийб бир ярим йил давом этган пандемия, унинг ортидан Суперлига машмашалари УЕФА учун ҳам қайсидир маънода огоҳлик қўнғироғи бўлгани шубҳасиз. Натижада, клубларга қўйиладиган молиявий талаблар, жумладан fair play қоидаларида ҳам ислоҳотлар амалга ошмоқда. Қисқаси, футбол даромадларининг умумий харажатлардан устун бўлиши асосий йўналиш сифатида олинган аввалги тизим бекор қилиниб, унинг ўрнига асосан клубларнинг трансфер харажатлари ва маошларни чеклаш билан боғлиқ қатор талаблар пайдо бўлмоқда.
Футбол иқтисодиётидаги энг яхши нашрлардан бири SwissRamble содда тил билан ушбу ўзгаришларни баён қилиб берди. Хўш, асосий ўзгаришлар нимадан иборат?
Биринчидан, «молиявий фэйр-плэй» тушунчаси энди йўқ. Янги норма «Молиявий барқарорлик қоидалари» деб аталади. Бу тасодиф эмас. УЕФАдаги аввалги қоидалар ўйин ҳаққонийлигини таъминламасди, албатта, янгилари ҳам тўлиқ буни амалга ошира олмайди. «Рақобат тенгсизлигини фақат молиявий қоидалар ёрдамида бартараф этишнинг иложи йўқ. Бу муаммони бошқа ўлчовлар билан уйғун шаклда ечиш лозим. Айнан шунинг учун биз номни ўзгартирдик. Fair Play барчага тенг шароитларни тақдим этиш, деган маънони англатиб қолаётганди», – дея тушунтирди УЕФА директори Андреа Траверсо.

Иккинчидан, энди уч йиллик даврдаги максимал зарар лимити аввалгидек 30 миллион евро эмас, 90 миллион еврога оширилди. Аслида расман лимит 60 миллион еврони ташкил қилади, шу шартдаки, клуб эгаси 5 миллион евродан ортиқ зарарни ўз ёнидан қоплаб, таъсис этса. Агар клуб яхши молиявий ҳолатда бўлса, уч йилда яна 30 миллион, яъни ҳаммаси бўлиб 90 миллион евро зарар билан чиқишга «рухсат берилади».
Аммо энди инфратузилма, ёшлар ва аёллар футболига қилинган харажатлар ҳам инобатга олинади. Аввалги қоидада бундай сарфлар ҳисоботдан четда қоларди.
Учинчидан, УЕФА энди қарздорликлар учун клубларни жазоламайди. Ҳатто 2021 йилда бўлгани каби, «Барселона», «Челси» ёки «Тоттенҳэм»нинг миллиардлик қарзларини ҳам. Зеро янги қоидалар клуб эгаларини клубга қарз беришга эмас, сармоя киритишга ундайди.
Тўртинчидан, янги қоидаларнинг асосий мезони шундан иборатки, энди клублар трансфер ва агентларга харажатлар ҳамда маошлар учун даромаднинг 70 фоизини ишлата олади, холос. Албатта, футболчиларни сотишдан келадиган фойдани ҳам ишлатиш мумкин. Бу қоида еврокубокда қатнашадиган иш ҳақи ведомости 30 миллион евродан ошган клублар учун тааллуқлидир. УЕФА топ-клублар ушбу лимитга мослашиши қийин эканини тушунган ҳолда, чегараларни босқичма-босқич киритмоқда – 2023/24 йиллар мавсумида 90 фоиз, 2024/25 йиллар мавсумида 80 фоиз ва 2025/26 йилги мавсумдан бошлабгина 70 фоизга туширилади.














