Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ «Ростех» ва унга алоқадор компанияларга қарши санкциялар киритди
Асосан ҳарбий-саноат комплекси билан боғлиқ бўлган 100 дан ортиқ шахс ва компания янги санкциялар остида қолди.
АҚШ Молия вазирлиги «Путиннинг уруш машинаси», яъни Россия ҳарбий саноати билан боғлиқ бўлган 70 та ташкилот ҳамда 29 кишига нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда 28 июнь, сешанба куни идора сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.
«Ростех» давлат корпорацияси, шунингдек, унинг улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган барча шуба корхоналарига санкциялар жорий этилди. АҚШ Молия вазирлиги корпорацияни Россиянинг «мудофаа, саноат, технологик ва ишлаб чиқариш саноатининг пойдевори» деб атади. «Ростех» бошқарув аппарати турли соҳалардаги 800 дан ортиқ ташкилотларни ўз ичига олади, дея таъкидлайди АҚШ Молия вазирлиги.
Корпорацияга қарши санкциялар, жумладан, «Россиянинг Украинага ҳаво ҳужумини давом эттириш қобилиятини» заифлаштиришга қаратилган. «Ростех», унинг шуба ва бўлинмалари «Россия ҳарбийларининг самолётлар ва тегишли жиҳозларни сотиб олиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва алмаштириш қобилияти учун жуда муҳим», деб ёзади идора «Ростех» таркибига кирувчи «Бирлашган авиация корпорацияси» (БАК) ҳақида.
«Камаз» ва БАК шуъба корхоналари ҳам санкциялар остида қолди: Молия вазирлиги «Россиянинг етакчи ишлаб чиқарувчиси, стратегик бомбардимончи самолётлар ва узоқ масофали самолётлар ишлаб чиқарувчиси» деб атайдиган «Туполев» корхонаси, қирувчи самолётларни ишлаб чиқарувчи «Иркут», «Бериев номидаги Таганрог авиация илмий-техника мажмуаси», «Технодинамика» АЖ, фуқаровий ва ҳарбий самолётлар, жумладан, Ил-76 оғир транспорт самолётларини ишлаб чиқарувчи «С.В.Илюшин номидаги авиация мажмуаси» ҳамда бошқа корхоналар шулар жумласидан.
АҚШ Молия вазирлиги санкциялар остида қолган компаниялар, шунингдек, «Ростех» шуба корхоналарининг барча шерикларига жорий йилнинг 11 августига қадар улар билан барча операцияларни тўхтатишни топширди.
Собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков ва унинг яқинлари, шунингдек, Мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Евгения Василевага нисбатан санкциялар жорий этилди. 2012 йилнинг ноябрида Сердюков Мудофаа вазирлигига қарашли «Оборонсервис» компаниясидаги маблағларни ўзлаштириш можароси туфайли ишдан бўшатилди. Бу иш бўйича «Оборонсервис» директорлар кенгаши аъзоси Евгения Василева ҳам судланди. У, ОАВ маълумотларига кўра, Сердюков билан яқин муносабатда бўлган.
«Ростех» компаниясининг махсус топшириқлар бўйича директори, «Апостол» pr-агентлиги асосчиси Василий Бровко ва унинг рафиқаси, телебошловчи ва «Газпром-Медиа» бош директори ўринбосари Тина Канделаки ҳам санкциялар остида қолди. Улардан ташқари, «Донбасс кўнгиллилари иттифоқи» (ДКИ) билан алоқадор 17 кишига нисбатан ҳам санкциялар қўлланилди. 2015 йилда ташкил этилган ташкилот Донбасс фахрийларига расман ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатади. «Медуза» хабар беришича, ДКИ урушда қатнашиш учун ёлланма аскарларни ҳам жалб қилмоқда.