Коронавирус пандемияси туфайли 2 йил давомида тўхтаб қолган Ҳаж зиёрати 2022 йилдан бошлаб яна жонланди. Ушбу мавсумда пандемия ҳали тўлиқ якунланмагани туфайли Саудия ҳукумати 1 миллион зиёратчи қабул қилинишини маълум қилган.
Айни вақтда муқаддас шаҳарларга деярли учиб кетиб бўлган 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчилар Ҳаж амалларига тайёргарлик кўрмоқда.
Kun.uz Ҳаж ибодати, унинг ҳикматлари, ҳожиларга бериладиган савоблар, Ҳаж қилишдаги ният ҳамда ушбу улуғ зиёратга доир халқимизни қизиқтирган масалалар ҳақида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид билан суҳбат уюштирди.
— Ассалому алайкум, домла! Аввало Ҳаж ибодати ҳақида қисқа маълумот бериб ўтсангиз. Ҳаж ибодати кимлар учун фарз қилинган ва динимизда Ҳаж ибодатининг фарз қилинишида қандай ҳикматлар бор?
— Ҳаж ўзи қасд қилиш дегани. Шаръий истилоҳда эса маълум бир маконда, яъни Маккайи Мукаррамадаги ўша Ҳаж амаллари бажариладиган жойни Ҳаж амалларини бажариш учун қасд қилиш Ҳаж ҳисобланади.
Ҳажнинг 5та шарти бор: мусулмон бўлиш, ақлли бўлиш, балоғатга етган бўлиш, ҳурлик (қулга Ҳаж фарз бўлмайди), Ҳаж йўлига имконият бўлиши керак. Ҳажга йўлга имконият кенг тушунча, бу – моддий, жисмоний, йўлнинг бехатарлиги ҳисобланади. Шу шартлар топилган кишига Ҳаж фарз бўлади.

Ҳаж агар фарз бўлса, уни кечиктириш масаласи қандай? Баъзи уламолар Ҳажни бироз таҳл қилиб қилиш мумкин, деган. Бу йил адо қилолмаса, келаси йил қиламан, деб ният қилиши мумкин деганлар. Лекин кўпчилик уламолар, ҳадисларнинг далолати ҳам шундайки, кимга Ҳаж бўлса вақтида қилсин, келаси йилга унга касаллик етадими, нима бўлади билмайди. Чунки Ҳаж фарз бўлса, адо қилмасдан ўтса, худди намоз вақти кириб, намоз ўқимасдан ўтгани сингари гуноҳкор бўлиб қолади.
Агар юқоридаги 5та шартдан бирортаси бажарилмаган бўлса, унга ҳали Ҳаж фарз бўлмайди. Баъзи одамлар Ҳажнинг йўлига имконият деган нарсани закот билан чалкаштириб қўйишади. Закотга қодир бўлмаган одам Ҳажга бориши фарзмас-ку деб айтишади. Закот бошқа масала, Ҳаж бошқа масала. Кимгадир Ҳажга боришни бошқа биров таклиф қилиши, йўлга имкониятини қилиб берса ҳам боравериш керак. Ўша одамга, закот фарз бўлмаса ҳам, Ҳаж фарз бўлади.














