Яқинда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Тузатишлар шахснинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва яшашга бўлган ҳуқуқ ва эркинликларини аниқлаштириш, шахс ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, шунингдек, ушбу ҳуқуқлар турли баҳоналар остида чекланишига йўл қўймасликка қаратилган. Бу ҳақда Конституциянинг 28-моддасида айтилади.
Эркинлик ҳуқуқи – бу барча одамларнинг ўз шахсий эркинлиги, бир жойдан иккинчи жойга кўчиш эркинлиги ва яшаш жойини танлаш эркинлигидир. Янги қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг аксарият қисми шу йўналишга, жумладан, бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва яшаш жойини танлаш эркинлигига тегишли.
Баъзи фойдаланувчиларда саволлар юзага келиши мумкин. Хусусан, Конституциянинг 28-моддасида фуқароларнинг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи белгилаб қўйилгани қайд этилган. Унда бу моддаларга ўзгартиришлар киритиш зарурияти нимада ва уларнинг аҳолига қандай фойдаси бор?
Таъкидлаш зарурки, таклиф этилаётган тузатишлар, биринчи навбатда, шахснинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва яшашга бўлган ҳуқуқ ва эркинликларини аниқлаштириш, шахс ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, шунингдек, ушбу ҳуқуқлар турли баҳоналар остида чекланишига йўл қўймасликка қаратилган. Масалан, амалдаги Конституциянинг 28-моддасида шундай дейилган:
“Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир”.
Агар ўзгартиришлар қабул қилинса ва киритилса, у қуйидаги тарзда ифодаланади:
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний равишда бўлган ҳар бир шахс республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш, келиш ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлар бундан мустаснодир.
Ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга тўсиқсиз қайтиш ҳуқуқига эга”.
Таъкидлаш мумкинки, таклиф этилаётган таҳрирда мавжуд меъёрлар аниқлаштирилган, хусусан, нафақат фуқароларнинг, балки мамлакатимизда қонуний асосда юрган ҳар бир кишининг бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш, яшаш жойини эркин танлаш ва республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган.















