Жаҳон | 16:38 / 29.06.2022
11483
2 дақиқада ўқилади

Мадридда НАТОнинг «тарихий» саммити бошланди

НАТО давлатлари раҳбарлари Мадриддаги саммитда Зеленскийнинг мурожаатини тинглайди ва Украинага ёрдам пакетини қабул қилади. Альянс, шунингдек, Россияни ўз хавфсизлигига энг катта таҳдид сифатида тан олишни режалаштирмоқда.

Фото: Picture Alliance

Мадридда Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотининг бош котиб Йенс Столтенберг томонидан «тарихий ва ўзгаришларга бой» деб аталган саммити бошланди. Бу ҳақда у 29 июнь, чоршанба куни саммит бошланишидан олдин айтиб ўтди, деб хабар беради DW.

Чоршанба куни Шимолий Атлантика кенгашининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасидаги биринчи ишчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Украина президенти Володимир Зеленский видео-алоқа орқали чиқиш қилади. У мунозарада қатнашмайди. Альянс Украина қуролли кучларига НАТО стандартидаги қуролларга ўтишда ёрдам берадиган янги ёрдам пакетини маъқуллаши кутилмоқда. 

«Бу ўзгаришларга бой саммит бўлади, чунки биз тарихий қарорлар қабул қиламиз. Иттифоқимиз учун янги стратегик қарашлар бўйича келишиб оламиз, яъни НАТО янада рақобатбардош ва хавфли дунёда келажакка қандай ҳаракат қилиши, аъзо давлатлар ва қарийб бир миллиард фуқарони қандай ҳимояга олиши кўриб чиқилади», деди Столтенберг. У концепцияда Россия НАТО хавфсизлигига «энг жиддий ва бевосита таҳдид» сифатида тан олинишини кутмоқда. Шунингдек, альянс Хитойга қандай муносабатда бўлиши ҳам аниқлаштирилади.

Саммитда хавфсизлик ва тийиб туриш жараёнини кучайтириш бўйича режалар маъқулланиши кутилмоқда. Бу, биринчи навбатда, НАТОнинг шарқий қанотига тегишли бўлиб, у ерда альянснинг қўшимча кучлари жойлаштирилади.

«Шунингдек, етакчилар Финландия ва Швецияни НАТО аъзолигига таклиф қилиш бўйича тарихий қарор қабул қилади », - деди Столтенберг. Бу сешанба куни кечқурун ушбу икки давлатнинг альянс бош котиби воситачилигида Туркия билан эришган келишуви туфайли амалга ошади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид