
Владимир Путин 24 феврал куни Россия Украинага бостириб кирганидан буён мамлакатдан чиқмаётганди. Уруш бошланганидан 4 ой ўтиб, 28 июн куни Путин илк марта Россияни тарк этиб, Марказий Осиёга йўл олди. Бу ташриф нима мақсадда амалга оширилди?
«Сиз яхшироқ биласиз»
Путиннинг ташрифи ҳақида анонс берилганда Имомали Раҳмон билан учрашувда кўплаб масалаларда мулоқот қилиниши, хусусан, Афғонистон масаласида сўз бориши ҳам айтилганди. Чиндан учрашув давомида бу масала тилга олиниб, Путин Россия ҳам Афғонистондаги вазиятга бефарқ эмаслигини таъкидлади.
«Мен Россия манфаатлари учун муҳим бўлган масалалар бўйича сизга маълумот бераман. Қўшни Афғонистонда воқеалар қандай ривожланаётгани ҳақида сизнинг фикрингизни ҳам билишни истардим», деди Путин.
Унинг айтишича, мамлакат «Толибон» билан муносабатларни шакллантиришга интилмоқда. Путин Афғонистонда назорат ўрнатган «Толибон» ҳақида ташкилот номини айтмай гапирган.
«Вазиятни назорат қилаётган сиёсий кучлар билан муносабатларни шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз. Аммо аввал айтганимиз каби мамлакатдаги барча этник гуруҳлар мамлакат бошқарувида иштирок этиши керак деб ҳисоблаймиз.
Бу борада ишлашда давом этамиз, Афғонистондаги барча сиёсий кучлар билан алоқа ўрнатганмиз. Лекин у ерда нималар бўлаётгани сизга яхшироқ кўринади ва нималар қилсак, биргаликда жавобгар бўлганимиз минтақадаги хавфсизлик таъминланишини яхши биласиз. У ердаги вазият қўшни давлатларнинг бирортасига зарар етказмайдиган ва кўп миллатли Афғонистон халқи учун ҳам фойдали ҳолатда ривожланиши керак», деди Россия президенти.
Путин Афғонистон делегацияси яқинда Петербургда ўтган иқтисодий форумда иштирок этганини таъкидлади.
Россия президенти бежиз барча этник гуруҳлар раҳбариятда бўлиши ҳақида гапирмаган. Минтақада фақат Тожикистон Афғонистон «Толибон» қўлига ўтганини очиқ қўлламай, янги раҳбариятда тожикларга ҳам ўрин бериш кераклигини айтиб келади. Путин юқоридаги фикрлари билан бу борада Тожикистонни қўллашини билдирди, дейиш мумкин.
Путин уруш бошланганидан буён илк марта Россиядан ташқари чиқди ва унинг нега Тожикистонга боргани борасида кўплаб мулоҳазалар билдирилмоқда. Хусусан, Путин шу тариқа халқаро сиёсатга қайтганини кўрсатишга уринмоқда, деган фикрлар ҳам янгради.












