Жаҳон | 14:54 / 01.07.2022
15195
3 дақиқада ўқилади

АҚШда Евроиттифоққа суюлтирилган газ экспорти бўйича асосий терминални ишга тушириш қолдирилди

Техасдаги газ терминалида юз берган ёнғин туфайли унинг ишини қайта бошлаш барча муаммолар бартараф этилмагунча қолдирилиши керак, дея хулоса қилди АҚШ Транспорт вазирлиги.

Фото: Picture Alliance

30 июнь, пайшанба куни Dpa агентлиги хабар беришича, АҚШдаги энг йирик экспорт газ терминалларидан бири Freeport LNG июнь бошида содир бўлган ёнғин туфайли номаълум муддатга ёпиқ қолади. Бу Америка СТГни Европага экспорт қилиш учун асосий терминаллардан бири ҳисобланади, дея қайд этган агентлик.

Ёнғиндан сўнг, АҚШ Транспорт вазирлиги Freeport LNG компаниясига ҳар ҳафта терминал ҳолати ҳисоботларини тақдим этишни топширди, уни фақат федерал ҳукумат рухсати билан қайта ишга тушириш мумкин. Freeport LNG дастлаб қайта ишга тушириш бироз вақт олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, аммо ҳозир вазият янада ноаниқ, деб ёзади Dpa. 

Bloomberg маълумотларига кўра, энди қайта ишга тушириш яна бир ойга кечиктирилиши мумкин ва терминал жорий йилнинг октябрида ишлай бошлайди. Мамлакат Транспорт вазирлиги заводнинг қўшимча чораларсиз ишлаши аҳоли хавфсизлиги ва атроф-муҳитга хавф туғдиришини аниқлади. 

Терминалдаги ёнғин 8 июнь куни содир бўлган. Ҳукумат ҳисоботига кўра, бунга вакуумли изоляцияланган қувур линиясидаги босим ўчириш клапанининг носозлиги сабаб бўлиб, натижада қувурнинг ёрилиши ва ёнғин чиқиши кузатилган.

Handelsblatt нашри томонидан сўзлари иқтибос келтирган Postbank эксперти Дирк Стеффенга кўра, Техасдаги терминал АҚШ газ экспорти ҳажмининг деярли 17 фоизини - кунига 56,6 миллион куб метрни ташкил қилган. Jefferies инвестиция банки ҳисоб-китобларига кўра, заводдан юборилган СТГнинг қарийб 70 фоизи Европа бозорига мўлжалланган. Шу тариқа, терминал Европанинг Россия газидан босқичма-босқич воз кечиш режаларида муҳим роль ўйнайди, дея қайд этади Dpa. 

Март ойида Европа давлатларининг Украинадаги уруш туфайли Россия газини етказиб беришни тўхтатиш қарори фонида АҚШ Энергетика вазирлиги Мексика кўрфазидаги терминаллардан қўшимча СТГ экспорти учун иккита узоқ муддатли рухсатнома берди. 

«АҚШ СТГ глобал энергия хавфсизлигининг муҳим таркибий қисми бўлиб қолмоқда ва Энергетика вазирлиги иттифоқчиларимиз ва савдо ҳамкорларимизни зарур энергия билан таъминлашда ёрдам бериш йўлларини излашга содиқ қолади», дея маълум қилди идора. 

Мамлакат Энергетика вазирлигининг хабар беришича, Америка суюлтирилган гази экспорти йил охиригача янги қувватларнинг ишга туширилиши ҳисобига яна 20 фоизга ошиши керак ва Европадаги СТГ импортининг ярмидан кўпи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. 

Мавзуга оид