Турли соҳалар вакиллари президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукусга ташрифи чоғида эълон қилинган қарор тушунмовчиликка ечим бўла олиши, эт ва тирноқ каби бўлган икки миллатнинг ўртаси бузилмаслигига умид ва ишонч билдиришмоқда.

Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори:

Фото: Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси

— Мураккаб вазиятда тўғри қарор қабул қилинди, қисқа муддат бор эди. Ўзбекистон лидери етти ўлчаб эмас, 70 марта ўлчаб якка-ю ягона қарор қабул қилди менимча. Бугун Мўйноқдан қайтиб мулоҳаза қилиб юргандим: тинчлик учун, халқ учун, келажак учун, тараққиёт учун шундай доно қарор қабул қилинди.

Шаҳноза Соатова, блогер, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

— Соат тунги 1 бўляпти, уйқу йўқ, кўзим ижтимоий тармоқ тасмаларида.

Президент шахсан ўзи борди, Конституциянинг ўша боблари ўзгаришсиз қолади деди. Сиёсат ва дипломатиянинг инсонийлик қиёфаси кўрсатилди. Оёқ тиралмади, зулм қилинмади, тингланди, диалог бошлангандек эди.

Энди шунда ҳам намойишчилар тинчланмаса, сепаратистлик ғояларини авж олдирса, гаровда давлат чегараларининг яхлитлиги ва хавфсизлиги турибди. 

Кўпчилик қатори мен ҳам жуда хафаман. Вазият шу даражага келганидан, қилинган хатолардан, қилинмаган тўғри ишлардан.. айниқса, кимлардир бу оловда қўлини иситмоқчи бўлаётганидан…

Биз диванда ётволиб сиёсатшунослик қилаётганимизда кимлардир энг оғир қарорларни беряпти…

Ўзи шу пайтгача ўзбекдан ким нима жабр кўрди? Оккупантлик қилиб бировнинг тарихий ерларини босиб олдими? Бошқа мамлакатлар ичида фитна қўзғадими? Ўзи мой еб қардошига нон бермаяптими ё? 

Мамлакатда етти тилда таълим берилса, ўзига зарур мактаб-у касалхоналарни қўшниларига қурса, доим тинчлик ва ҳамжиҳатлик бўлсин деса.. Қаерда бировнинг тили ё бошқа миллий ғурурини камситди? Ўзи бир жафокаш, тинчликсевар халқ бўлса. Қайдан ўсиб чиқяпти шунча адоват?