18:17 / 05.07.2022
74135

Нукусдаги ноқонуний митинг иштирокчиларига психотроп моддалар ва пул тарқатилгани кўрсатилган «ведомост» пайдо бўлди

Нукуснинг «Гоне кала»сида топилгани айтилаётган рўйхатда 1-2 июл кунлари Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар фаолларига психотроп моддалар, пул ва бошқа воситалар тарқатилгани ҳақида маълумотлар қайд этилган.

«Қорақалпоғистонда митингга бошловчи қизил лидерларга ажратилган пуллар» деб номланган рўйхатда 28 кишининг исм-шарифи келтирилади. Жумладан, Еримбетева Марьяшга 12 млн сўм, Эсмуратов Қуат, Сагинтаев Мурат, Даулетмуратов Аллаяр, Нуранов Зияватдин, Сейдабуллаев Омирзак, Матчанова Жанар, Бауетдинов Турсинбай, Абдираманов Айдос ва бошқаларга 7 млн сўмдан, Есбоскинов Садираддин, Байназар Муҳаббат, Кадиреков Шарапатдин, Абдимуратова Аккенже, Нурманов Руслан, Бегжанов Аманяз, Абдимуратов Руслан, Елмуратов Ихлас, Адигамов Мухтор, Жумагулов Кушат ва бошқаларга 4 млн сўмдан берилгани қайд этилган.

Митинг фаолларига тарқатилган пулларнинг умумий миқдори 111 млн сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ушбу рўйхатда ноқонуний митинг иштирокчиларига 12 блок ароқ, тромодол, зопиклон ва бошқа номдаги психотроп таблеткалар, футболка ҳамда сув тарқатилгани ҳақидаги маълумотларни кўриш мумкин.

Эътиборли жиҳати, рўйхатда 16-ўринда зикр этилган Бердиев Арслон психотроп моддани олишдан ёки бошқа бирор топшириқни бажаришдан бош тортган – ушбу шахс исм-фамилиясининг тўғрисига «Рад этди, сотқин» деб ёзиб қўйилган.

Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев 4 июл кунги видеомурожаатида тартибсизликлар содир бўлган жойда турли жароҳатлар олиб, вафот этган 14 кишидан 13 нафари алкогол ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани аниқланганини маълум қилганди.

Kun.uz Қорақалпоғистон воқеаларини тергов қилиш ва тезкор-қидирув тадбирларига раҳбарлик қилаётган Бош прокуратура ахборот хизмати билан боғланиб, интернетда тарқалган рўйхат ва унда келтирилган маълумотлар юзасидан расмий маълумот сўради. Ўзбекистон бош прокурори матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов бу ҳақда маълумотга эга бўлиши билан уни ОАВ учун тақдим этишини билдирди.

Аввалроқ интернетда намойишчилар орасида турган қизил кийимли номаълум шахслар акс этган суратлар тарқалган, улар оломон ичига киритилган провокаторлар экани ва бир-бирларини танишлари учун ҳам бир хил кийим кийиб олишгани, зарур пайтда содда инсонларнинг ҳиссиётларига тегиб, ғалаён юзага келтиришгани тахмин қилинганди.

5 июл куни Нукуснинг «Гоне кала»сида топилган рўйхат ушбу тахминларни тасдиқлаётгандек. Лекин ҳозирча расмийлар бу борада ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top