Январ ойида «Биргаликда енг шимариладиган иш: интернетда ўзбекча контентни кўпайтириш учун нималар қилса бўлади?» сарлавҳаси остида мақола ёзган эдим.
Мақолага мутасаддилар эътибор қаратишди, ўзимга ҳам қўнғироқ қилиб, ўта жўяли таклифлар билдирилганини айтишди. Сенаторлар интернетда ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиниши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор ҳам қабул қилганди.
Википедиянинг ўзбекча талқинини ривожлантириш учун энг яхши энциклопедистлар ўртасида Викимарафон танлови эълон қилинди.
30 июн — ёшлар кунида президент Шавкат Мирзиёев интернет тармоғида ўзбек миллий контентини ривожлантириш учун 10 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.
«Википедияда ўзбек тилидаги мақолалар сонини 100 мингтага етказиш ва хорижий тилларда ҳам Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш яхши самара бериши шубҳасиз. Ушбу мақсадлар учун 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Бундай тадбирларга, билимли ва шижоатли волонтёр ёшларни жалб қилиш ҳамда уларнинг фаолиятини тизимли равишда рағбатлантириб бориш лозим», – деди президент ёшлар олдида чиқиш қилар экан.
Албатта, Википедияни тўлдириш — тўғри йўналишдаги оқилона қарор, аммо бу чоралар етарли эмасга ўхшаяпти.
Қорақалпоғистондаги нохуш воқеалар шуни кўрсатдики, айни пайтда ижтимоий тармоқларда, YouTube, Instagram ва TikTok каби видеоҳостингларда қўшни давлатларда тарихни ўз манфаатларига мослаб, ёшларга бузиб кўрсатиш бўйича «кимўзар»га мусобақа кетяпти. Интернетда минглаб мисоллар бор бунга.
Очиқчасига тан олиш керак, айниқса Қозоғистон бу борада жуда илғор. Улар айрим масалаларида ўзлари тўқиган ёлғонларга ўзлари ишониб ўтиришибди.
Ёшларимиз нотўғри талқин қилинган тарих бўйича шарҳ бўлимларида баҳслашишяпти. Роликларни кўрган кўпчилик эса, фикрини хато тушунча билан шакллантирмоқда. Бироқ бундай ҳолатда TikTok ижтимоий тармоғини блоклаб қўйиш билан иш битмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак. Сенаторларимиз тилга олган — ёшларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг энг яхши йўли ҳам шу.
















