Тартибсизликлар ҳақида гаплашарканмиз, конституцияга таклиф қилинган таҳрирда Қорақалпоғистонга оид бандлар зарурати, ғояси ўзи нимада эди ва унинг реализациясида қандай камчиликларга йўл қўйилди, деган табиий саволлар билан ҳам юзлашамиз.
Иккинчидан, Нукус воқеаларида расмийлар айтаётгани каби хориждаги кучларнинг қўли борми?
Бу ёғига-чи, бизни қандай янгиликлар кутмоқда?
Kun.uz мухбири Қорақалпоғистондаги сўнгги воқеалар юзасидан пайдо бўлаётган шу ва бошқа саволлар билан сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга юзланди.
Интервью давомида шунингдек, конституция ислоҳоти борасида барча жараёнларга масъул бўлган конституциявий комиссия, унинг раҳбари ва 46 нафар аъзоси ҳозир қаерда, нега шу пайтгача бирор сўз айтмаяпти деган саволларга ҳам жавоб изланди.
— Камолиддин ака, интервью аввалида Қорақалпоғистондаги воқеалардан сал орқароққа қайтиб, конституция ислоҳи ва Қорақалпоғистонга тегишли ўша тўртта модда ҳақида сўрамоқчиман. Айтинг-чи, бу моддаларда таклиф қилинган “суверен” сўзини олиб қўйиш ва референдумлар орқали Қорақалпоғистоннинг мустақил бўлиб чиқиш қаторини олиб ташлаш нима дегани ўзи?
Шунингдек, бу айримлар айтаётгани каби тинч турган арининг инига чўп тиқиш эдими ё қандайдир сиёсий, геосиёсий, ҳуқуқий сабаблари ҳам бормиди?
—Ўйлашимча, бу зарурат эди ва бу зарурат аллақачон пишиб етилганди. Энди қаранг, дунёда “халқаро ҳуқуқ” деган тушунча мавжуд. Унга кўра, бир суверен бўлган бир давлатнинг таркибида бошқа бир суверен, мустақил давлат бўлиши мумкин эмас.
Бунинг устига БМТ бор ва у дунёдаги энг йирик халқаро ташкилот. Бу ташкилотга ҳар бир давлат ўзининг рамзлари, ҳудуди, сарҳадлари, шаҳарлари ҳамда чегаралар узунлиги билан киради. Яъни БМТни дунёдаги энг катта кадастр дейишимиз мумкин.

Ҳозир дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни суверен давлат сифатида тан олган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон қонунчилиги, Ўзбекистон Конституцияси ва ҳудудий, ҳуқуқий тизимни кўриб чиқишига катта эҳтиёж бор эди.
Бу масалани қачондир барибир кўтариш мумкин эди деб ўйлайман, сабаби глобаллашган дунёда давлат равнақи, тараққиёти учун, шунингдек, давлатнинг сиёсий ва геосиёсий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва минтақада интеграцияни жадаллаштириш учун мана шу ички зиддиятларни эртами, кечми олиб ташлаш керак эди. Тўғри, ҳозир бу масаланинг кўтарилиши маълум бир чайқалишларга, зўриқишларга сабаб бўляпти, лекин эртами, кечми бўлиши керак эди.














