Доллар курси юқорилаб кетишидан нима тўсиб туради? Банкларга келиб тушадиган долларлар. Айнан доллар тушуми етарлича бўлса, талаб-таклиф мувозанатда бўлиб туради – талаб устун келиб қолиб, курс кўтарилиб кетмайди.

Тушумни нима таъминлаб туради? Доллар тушумининг салмоқли қисми – экспорт. Хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти. Бу фронтда кўринмас жангчилар – экспортчилар. Айнан улар деҳқон етиштирган маҳсулотни авайлаб, минг хил қийинчиликларни енгиб, чет элга чиқариб сотиб келишади, эвазига мамлакатга доллар олиб келишади. Бу долларлар банкларга келиб тушади ва... курсга таъсир қилади.

Бу экспортнинг фақат битта фойдаси, бошқа фойдалари ҳам бор ва улар беқиёс.

Шу ўринда савол туғилади. Бу кўринмас жангчиларнинг фаолияти учун кераклича – улар жамиятга келтираётган фойдага мос шароит яратилганми? Ёки муаммолар ҳали кўпми? Гарчи муаммолар ҳали кўп бўлса, уларни тезда ечиш керакдир?

Kun.uz Ўзбекистон экспортчилари уюмаси раиси Ёрқинжон Маликов ва бир ёш тадбиркор билан экспортчиларни қийнаётган муаммолар борасида суҳбат қилди.

— Экспортчимизнинг рамзий характеристикасини таърифлаб берсангиз. Ҳозирги лаҳзада у ўзини қандай ҳис этяпти?

— Экспорт қилувчи корхоналарда билим даражаси ўта паст – экспорт ўзи нималигини ҳали тўлиқ тушуниб етишмаган. Орқага назар ташлайдиган бўлсак, экспортимиз жуда кам бўлган. Бунга айрим тўсиқлар мавжуд бўлган, буни экспортчи корхоналаримиз жуда яхши билишади. Юртбошимизнинг олиб бораётган сиёсати натижасида ҳозир бизлар учун дарвозалар катта очилди.

Авваллари қобиқ ичида фаолият юритиб келганмиз. 10 йил олдин экспортга берилган имкониятлар бунақа эмасди. Ўзимизнинг ички бозорда бир-биримиз билан рақобатлашиб юрардик. Мана 5-6 йилдан бери катта имконият бериляпти.

— “Дарвоза очилди” дедингиз. “Дарвоза” деганда нимани тушунишимиз керак, у қандай очилди?

— Бизларнинг асосий билган бозоримиз фақат Россия эди. Ёппасига Россияга экспорт қилардик, маҳсулотларимиз фақат Россия бозорига тўғри келарди. Ҳеч қандай сертификат, қатъий бир талаблар бўлмаган.

Мана 4-5 йил бўлибдики, экспортни рағбатлантириш кучайтирилди. Европага киришимиз учун қандай сертификатлар керак бўлса, уни расмийлаштиришга кетадиган харажатни, дейлик, 10 минг долларни Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ёрдамида тўлаяпмиз. Яъни харажатларимиз қисқарди. Россиядан бошқа, қимматроқ Европа бозорига экспорт қилишни бошладик.