Спорт | 13:59 / 14.07.2022
22480
6 дақиқада ўқилади

«Барселона» ўзгармоқда. Хави янги асосий таркибни тўплаши мумкин

Каталонияликлар молиявий муаммолардан азият чекмоқда, аммо улар сўнгги йиллардаги энг кенг қамровли қайта қуришни режалаштирган.

Фото: Getty Images

Агар «Барселона» режадаги барча трансферларни амалга ошира олса, кейинги мавсумда асосий таркиб 2/3 қисмга янгиланади. Mundo Deportivo «Барса» янги футболчилар учун 200 миллион евро сарфлашга тайёр эканини ёзган эди. Шу билан бирга, клуб «бизда пул йўқ, аммо ҳозирча маҳкам турибмиз» қабилида иш тутмоқда.

«Френки де Йонг - «Барселона» футболчиси. Шошилинч зарурат бўлмаса, у сотилмайди», деди президент Жоан Лапорта. Бу эса эҳтимолий сотувчиларга ишора: илтимос, вазиятни тушунинг ва футболчингиз учун кўп пул сўраманг.

«Барселона» бир неча яхши футболчиларни текин олди, пул фақат ўтиш билан боғлиқ харажатларга сарфланди.

Жамоага келган футболчилар:

Франк Кессиэ, яримҳимоячи, эркин агент сифатида келди. «Милан»нинг чемпионлик таркибида муҳим элемент. У захирада ўтириш учун келмагани аниқ. Кессиэ ўзига хос камтаринлиги ва қўполлиги билан асосий таркибдаги жойга ҳали лойиқ эмаслигини таъкидлади: «Чиройли сўзлар учун эмас, машғулотлардаги меҳнат натижаларига қараб майдондаги жой олинади. Қарорни мураббий қабул қилади».

Андреас Кристенсен, марказий ҳимоячи, эркин агент сифатида келди. У ҳам «Челси»дан захирада қолиш учун келмади.

Усмон Дембеле - қолиш учун кетган эди. У янги шартномани имзолайдиган бўлди.

Музокара режимида:

Рафинья Диас

«Лидс»нинг ҳужумкор футболчиси учун «Челси» ва «Арсенал» билан рақобатлашишга тўғри келди. Каталонияликлар, ҳар доимгидек, камроқ харажат қилишни кўзламоқда. Инсайдер Фабрицио Романонинг таъкидлашича, «Барса» трансфер учун 58 миллион евро ва яна 10 миллион евро бонус сифатида бермоқчи. Премьер-лига клублари бундан кўпроқ пул тўлашга тайёр эди, аммо Рафиньянинг ўзи ва унинг агенти Деко (собиқ «Барса»чи) Испания вариантини маъқул кўрмоқда.

«Челси» эса Раҳим Стерлинг билан шартнома имзолаганидан сўнг, Рафинья учун курашдан чиқди.

Фото: Getty Images

Роберт Левандовски

«Барса»нинг ёздаги асосий мақсади, музокаралар олиб борилаётганини Лапорта ҳам тасдиқлади. Бироқ, «Бавария» пулга жуда муҳтож эмас. Мюнхен бемалол: «Левандовски шартномани охиригача ўйнайди», деб ўзини хотиржам тутиши мумкин. «Бавария» 50-60 миллион евро талаб қилмоқда ва зудлик билан. Бу эса маошларни камайтириш истагида бўлган «Барселона» учун катта муаммо.

Аммо, каталонияликлар шартларни қабул қилишга мажбур. Чунки, «Барселона»да бундай даражадаги футболчи йўқ. Пьер-Эмерик Обамеянг «фаолиятини қайтадан бошлади» ва ярим мавсумда Ла Лигада 11 та гол урди. Аммо янги мавсумга ёлғиз у билан кириш шубҳали. Албатта, «афсона» Мартин Брейтуэйт ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Фото: Getty Images

Сезар Аспиликуета ва Маркос Алонсо

«Челси»дан кетишга тайёр бўлган икки футболчи билан «Барса» қанотларни янгиламоқчи. Музокаралар клубнинг янги хўжайини Тодд Боули даражасида ўтказилмоқда. Иккала трансфернинг ҳам эҳтимоли юқори.

Фото: Getty Images

Инсайдерлар даражасида:

Жюль Кунде

«Севилья» ҳимоячиси «Барса»да ўйнашни орзу қилади, лекин у ҳақиқатан ҳам унга керакми ёки йўқми, шунингдек, клубнинг молиявий аҳволи қай даражада эканлигига шубҳа қилмоқда. «Барселона» уни қўлга киритишдан хурсанд бўлар эди, аммо «Севилья» 60 миллион евро талаб қиляпти.

Николас Тальяфико

Алонсо бўйича музокаралар натижа бермаса, Тальяфико захира варианти бўлиши мумкин. Уни 4-5 миллион евро эвазига сотиб олиш мумкин, бу нарх «Барселона»га ёқади. Аммо ҳимоячи каталонияликларни кутмасдан, «Лион»га ўтиб кетиши ҳам мумкин.

Калиду Кулибали

У «Наполи»ни тарк этишга қарор қилди ва ўзи «Барселона»га ўтишни хоҳлаётганга ўхшайди. «Наполи» раҳбарияти унга 5 йиллик янги шартнома ва фаолиятини якунлагач, клуб тизимида иш ҳам таклиф қилган эди. Кулибали бунга рози бўлмади.

Асосий муаммо – бу рақобат. «Ювентус» агар де Лигт «Бавария»га ўтиб кетса, Кулибалини олмоқчи бўлиб турибди. «Челси» эса 2027 йилгача мўлжалланган шахсий шартномани келишиб қўйган ва «Наполи»га 38 млн евро беришга тайёр.

Бернарду Силва

«Кўк-анорранглилар» таркибида тўп тепишни истаяпти, ҳатто болаликдаги орзуси ҳам бор эди: «янги Месси» бўлиш, «ўнинчи рақам» остида ўйнаш.

Аммо бу ерда қийинчиликлар кўпроқ: «Ман Сити» Бернарду билан 2025 йилгача мўлжалланган шартномани бекор қилмоқчи эмас, португалиялик эса Левандовски йўриғи бўйича ўйнашни истамайди. Шу аснода, агар трансфер жиддий муҳокама қилинадиган бўлса, кўп пул сарфлашга тўғри келади. «Сити» 80-100 млн евро талаб қилмоқда, бу эса «Барса» учун даҳшатли туш.

Натижа қандай бўлади?

«Барселона»нинг ўтган мавсумдаги асосий таркибидан тўрт нафар футболчи қолиши мумкин. Улар орасида фақат уч нафари асосий таркибнинг метин ўйинчилари: Марк-Андре Тер Стеген, Педри ва Ферран Торрес. Аммо Ферран ўрнини Ансу Фати ҳам эгаллаши мумкин.

Агар асосий трансферлар амалга ошса, таркиб қандай бўлади? Хави деярли янги футболчилар билан ишлашга мажбур бўлади. Бу ўзини оқлайдими?

Мавзуга оид