Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ковид билан касалланиш ҳолатлари сони кўпайишидан жиддий хавотирда, бу бутун дунё бўйлаб юклама билан ишлаётган тиббий хизматлар ишини мураккаблаштирмоқда.
«Вируснинг янги тўлқинлари яна бир бор COVID-19 ҳали тугамаганини яққол кўрсатмоқда», деди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисус матбуот анжуманида. Унинг сўзларига кўра, вирус бутун дунё бўйлаб эркин ҳаракатланмоқда, кўплаб давлатлар эса оғир аҳволдаги беморларни ва постковид асоратларини даволаш юкини кўтара олмаяпти.
ЖССТнинг ковид бўйича фавқулодда қўмитаси йиғилиш ўтказиб, пандемия ҳамон аҳоли саломатлиги учун халқаро миқёсдаги таҳдид бўлиб қолаётгани ҳақидаги хулосага келган. ЖССТ Фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майкл Райан сўнгги икки ҳафта ичида коронавирус юқтириб олиш ҳолатлари асосан Омикрон BA.4 ва BA.5 штаммлари туфайли 30 фоизга ошганини айтди.
Шу билан бирга, ЖССТ қўмитаси вирус эволюцияси траекторияси ва пайдо бўлаётган янги штаммларнинг хусусиятлари «ноаниқ ва олдиндан башорат қилиб бўлмас» даражада эканини тан олади.
BA.4 ва BA.5 нима?
Коронавируснинг BA.4 ва BA.5 турлари биринчи марта ўтган йили Жанубий Африкада аниқланган. Шундан сўнг, бутун дунё бўйлаб тез тарқалган. Экспертларнинг таъкидлашича, улар тез орада Европа ва Америкада доминант бўлиб олиши мумкин.
Ковид, барча вируслар сингари, ўз РНКсини клонлаш орқали кўпаяди, аммо бу механизмни идеал деб аташ қийин. Нусха олишдаги хатолар (мутациялар) янги вируснинг генетик жиҳатдан матрицадан бир оз фарқланишига олиб келади. Агар бундай ўзгаришлар унга фойда келтирадиган бўлса, янги вариант эскисига нисбатан устунликка эга бўлади ва кейинги муваффақиятли мутацияга қадар дунё бўйлаб тарқалади.
Коронавируснинг энг машҳур генетик версиялари орасида оммавий инфекция тўлқинларини келтириб чиқарган «Альфа» ва «Дельта» бор эди.
BA.4 ва BA.5 – Омикрон вариантининг яқин қариндошлари, ўтган қишда касалликлар тўлқинига сабаб бўлди, аммо саломатлик учун хавфи камроқ экани исботланди. Американинг Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, ундан ўлим даражаси пастроқ, шифохонага ётиш эҳтимоли ҳам кам.
Март ойидаёқ ЖССТ ушбу вариантларни кузата бошлаганди, чунки улар бошқаларга қараганда тезроқ тарқалди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда улар Европанинг кўплаб давлатларида аниқланган ва коронавируснинг бошқа турларини ўз соясида қолдирган. Масалан, Португалияда бу BA.5 штамми билан содир бўлди. Шунга ўхшаш тенденциялар АҚШ ва ҳатто Австралияда ҳам кузатилмоқда.




















