Ўзбекистон | 17:16 / 19.07.2022
20572
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда интернетга уланиш 2 соатга тикланиб, яна ўчирилди

Қорақалпоғистонда бошланган норозилик намойишлари фонида ҳудудда июн ойининг охиридан мобил интернет, июл бошидан эса стационар интернет чеклаб қўйилган эди.

Фото: KUN.UZ

Маҳаллий аҳоли вакилларининг хабар қилишича, бугун, 19 июл куни тахминан 14:00 лар атрофида интернетга уланиш тикланган.

Kun.uz боғланган расмийлар бу янгиликни тасдиқлади, бироқ бу вақтинча ёки доимий ҳолат эканига аниқлик кирита олмади.

Нукуслик обуначиларнинг маълум қилишича, орадан икки соатга яқин вақт ўтиб, соат 16:00 га яқин интернет яна ўчиб қолган. Расмийлар бу борада изоҳ беришмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 6 июлдаги баёнотида Қорақалпоғистонда интернет вақтинча чеклангани “душманона кайфиятдаги кучлар”нинг “популистик шиорларни қалқон қилиб, мобил алоқа ва интернет орқали фейк ахборотларни тарқатиб, фуқароларни оммавий равишда аксилконституцион фаолиятга жалб қилишга урингани” билан изоҳланган эди.

ТИВ баёнотидан бир кун олдин БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини интернетга чекловларни бекор қилишга чақирган эди. У ушбу чора “бошқа ҳуқуқлар қаторида сўз эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш каби базавий ҳуқуқларга кенг таъсир қилиши”ни таъкидлаган.

Интернет ишламаётгани Қорақалпоғистонда нақдсиз тўловларни амалга оширишни имконсиз қилиб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, 25 июн куни Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Лойиҳага киритилган Қорақалпоғистонга оид таклифлар қорақалпоқ жамоатчилигида турлича қарши олинди. 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий намойиш ва тартибсизликлар бўлиб ўтди. Бунинг натижасида расмийлар маълумотига кўра 21 киши вафот этган, юзлаб киши жароҳатланган.

Оммавий тартибсизликлар оқибатида фуқаролар ва тадбиркорлар мол-мулки, давлат ва ижтимоий инфратузилма объектларига етказилган зарар миқдори ҳозирча 3 млрд 147 млн сўмга баҳоланмоқда.

Мавзуга оид