10:02 / 22.07.2022
7946

Украина ва Россия 22 июль куни дон экспорти бўйича келишув имзолаши мумкин

Келишув Украина ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш билан боғлиқ, дея хабар берди Туркия президенти маъмурияти. Турк томони кемаларни текшириш мажбуриятини олади.

Фото: Reuters

Украина ва Россия 22 июль куни ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 21 июль, пайшанба куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмуриятида маълум қилинди. Эрдўған ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Истанбулдаги Дўлмабаҳче саройидаги имзолаш маросимида иштирок этади. Туркия томонига кўра, келишув Украина ва Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга тегишли.

Дипломатлар маълумотига кўра, Украинада тўсиб қўйилган товарлар экспорти маҳаллий ўт очишни тўхтатиш режими ҳисобидан хавфсиз йўлаклар бўйлаб ташкил этилиши керак. Туркия, ўз навбатида, қурол-яроғ олиб ўтиш эҳтимолининг олдини олиш мақсадида кемаларни текшириш мажбуриятини олади. Маълум қилинишича, Истанбулда БМТ мутахассислари иштирокида тегишли мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этилиши мумкин. 

Украина ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Олег Николенко, ўз навбатида, 22 июль куни Истанбулда «Қора денгиздаги экспорт йўлларининг хавфсиз ишлаши бўйича томонларнинг мажбуриятларини ўз ичига олган ҳужжат имзоланиши мумкин»лигини айтди. Шу билан бирга, у шундай деди: «Украина делегацияси фақат Украинанинг жанубий вилоятлари хавфсизлигини, Украина қуролли кучларининг Қора денгиздаги мустаҳкам позициясини ва Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорларига хавфсиз экспорт қилишни кафолатлайдиган қарорларни қўллаб-қувватлайди». 

Шартномага кўра, Россия дон ва ўғитларини экспорт қилиш ҳам соддалаштирилиши керак. РФдан ғалла экспорти тўғридан тўғри тақиқланмаган, аммо транспорт компаниялари, суғурта компаниялари ва банкларга таъсир қилган Ғарб санкциялари туфайли қийинлашган. Россия президенти Владимир Путин Теҳронга амалий ташрифи чоғида Россия Украина ғалласини экспорт қилишга ёрдам беришини, бироқ Россия ғалласи экспортига қўйилган барча тақиқларни олиб ташлаш кераклигини айтди. 

АҚШ ҳукумати эълон қилинган келишувни олқишлади. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар муаммонинг келиб чиқишида РФ айбдор эканлигини таъкидлади. «Россиянинг озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланиши онгли қарори эди», дея изоҳ берди АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россия Украина ғалласи жаҳон бозорларига чиқиши учун «ушбу келишувнинг бажарилишига жавобгар бўлиши» керак. 

Бир кун аввал ғалла ташиш масаласи бўйича музокараларда қатнашаётган Украина делегацияси аъзоси Рустем Умеров Украинадан дон экспорти учта порт: «Одесса», «Южний» ва «Чорноморск»дан амалга оширилишини айтди. У келгусида уларнинг сони янада кенгайишига умид билдирди. 

AFP агентлиги маълумотига кўра, ҳозирги кунда Украинада 20-25 миллион тонна ғалла тўсиб қўйилган. Россия босқинидан олдин Украина буғдой ва маккажўхори экспорти бўйича дунёда тўртинчи ўринда эди. 

Top