“Лекин мен бу воқеаларда ўзбекларни айбламайман. Ҳеч бир миллат ёмон бўлмайди, ҳар бир миллатнинг эса ёмон одамлари бўлади. Фарғона воқеалари олдиндан режалаштирилгани, қирғин қилган жиноятчиларга тўла эркинлик берилгани маълум эди. Дарахтнинг устига қочиб чиқиб, атрофни кузатганларимни ҳалигача даҳшат билан эслайман. Ваҳшийлик шу даражага етдики, ёш болани боши билан ерга кўмиб, оёғини осмондан қилиб қўйишганди...”, – дея ҳикоя қилади Фарғонада туғилган, айни пайтда Туркияда яшаётган Арсен Нури.
Миллатчилик асосидаги зиддиятлар шу қадар оғриқли из қолдирадики, йиллар ҳам унга даво бўла олмайди. Яқинда бўлиб ўтган Қорақалпоғистон воқеаларида ҳам айрим кучлар мана шу жиҳатни қурол қилиб, ўртага пона қоқишга уринганлари бежиз эмас. Бундан 33 йил аввал бўлиб ўтган Фарғона воқеалари ҳам Ўзбекистон тарихида қонли доғ бўлиб қолган.
Ўшанда месхети туркларига мансуб аҳоли ҳужумларга учраган, оқибатда уларнинг кўпчилиги ўлдирилган, омон қолганларининг аксарияти Ўзбекистонни тарк этиб, турли давлатларга кўчиб кетишганди. Айни пайтда Анталияда яшаётган шу миллатга мансуб ҳамюртимиз Арсен Нурининг Kun.uz мухбирига сўзлаб берган ҳикояси ҳам жуда таъсирли.
– Арсен, Фарғонани қандай манзаралар билан эслайсиз?
– Фарғонани ҳалигача энтикиб эслайман. Ўзбекистон мен туғилган, ҳануз талпинадиган мамлакат. Болалигим шу шаҳарда ўтди. Битта кўчада руслар, татарлар, ўзбеклар, юнонлар ва бошқа миллатлар аҳил-иноқ яшардик. Фарғона ям-яшил, гўзал ва замонавий шаҳар, таомлари, нонларининг таъми дунёда топилмайдиган маскан сифатида ёдимда қолган. Биз у ерда хотиржамлик ва эминликда кун кечирганмиз. Афсус, ҳаммаси бир неча кунда ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
– Тарихга “Фарғона воқеалари” номи билан кирган бу кунлар ҳақида сўзлаб беринг.
– Ҳар бир миллатнинг синовли кунлари бўлади. Лекин яратганнинг бизнинг миллатдошларимизга атагани кўпроқ экан назаримда. Месхети турклари дунё бўйлаб сочилиб кетишган. Ўзбекистонга ҳам сургунлар билан келиб қолганмиз ва шу ерда қўним топганмиз. Қайсидир ярамас кучларнинг касрига бизни шундай ватандан ҳам мосуво қилишди.
1989 йилнинг ёзида водийнинг бир нечта нуқталарида, аввал Наманган ва Қўқонда, кейинчалик Фарғонада бу воқеалар бўлиб ўтди. Бундан олдинроқ ғалати воқеа эсимда қолган. Менинг бобом колхозда раис бўлган ва унинг меҳмонхонаси деворида иккита қадимий милтиқ осиғлиқ турарди. Унинг яқин таниши келиб ўша милтиқларни сўради. Бобом ҳайрон бўлди ва бермаслигини айтди. Аммо қайта-қайта сўрайверди, бермаганидан кейин ҳатто қўрқитишга ўтди.














