17:35 / 25.07.2022
20401

Республика тез тиббий ёрдам марказига раҳбар тайинланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Абдувоитжон Ҳусейнович Ғафуров Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

41 ёшли Абдувоитжон Ғафуров иқтисодчи ва дастурчи-муҳандис мутахассислигига эга. 

У ўз фаолияти давомида қатор хусусий сектор корхоналарида техник, ижрочи ва бош директор каби раҳбарлик лавозимларида иш олиб борган. 

Маълумот учун, президентнинг шу йил 16 июндаги «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил қилинганди. 

ССВ матбуот хизмати аниқлик киритишича, мазкур тузилма соғлиқни сақлаш соҳасида тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими сифатида фаолият юритади. 

Шунингдек, юқоридаги қарорда тузилмага мамлакат бўйлаб тез тиббий ёрдам бўйича ягона электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими ва ягона «Call-марказ»лар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларини радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар билан, тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан тўлиқ таъминлаш, IT-технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда тизимни уникал кўринишга келтириш бўйича вазифалар юклатилган.

Top