«Нисияма Онсэн Кэйункан» меҳмонхонаси 705 йилда ташаббускор япон Маҳита Фудзивара томонидан очилган. Орадан 1300 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, у мижозлар билан гавжум. Меҳмонлар у ерга дунё ташвишларидан узоқлашиш, табиат қўйнида дам олиш ва шифобахш термал булоқ сувларида чўмилиш учун боришади. 2011 йилда у Гиннесс рекордлар китобига «энг қадимги меҳмонхона» сифатида киритилди.

Маҳита Фудзивара вафот этгач, унинг бизнеси ўғлига, кейин эса меросхўрларига ўтади. Ҳозирги вақтда меҳмонхона Фудзивара оиласининг 52-авлоди томонидан бошқарилмоқда. Орадан шунча йиллар ўтса ҳам, унга эгалик қилувчи оила ўзгармаган. Фудзиваранинг ўзи император Тэндзининг ёрдамчиси бўлган. Эҳтимол, императорнинг ҳомийлиги меҳмонхона машҳурлашишига сабаб бўлган.

Меҳмонхона Хонсю оролидаги Яманаси префектурасида жойлашган. Бу ерда денгиз пляжи йўқ, машҳур Фудзи тоғига бориш учун эса бир неча соат йўл босиш керак бўлади. Бироқ, меҳмонхона эгалари мижозлар етишмаслигидан шикоят қилишмайди. Гап шундаки, яқин атрофда термал булоқлар бор, шунинг учун ҳам нафақат Япония аҳолиси, балки бутун дунёдан сайёҳлар булоқ сувларида чўмилиш ва соғлиғини тиклаб олиш мақсадида у ерга боришади. Меҳмонхонанинг ўзи ҳам булоқлар суви билан иситилади, шунингдек, у хоналардаги кранларга узатилади.

«Нисияма Онсэн Кэйункан» қадимда япониялик жангчилар орасида машҳур бўлган, жангдан сўнг яраларини даволаш учун у ерга боришган. Бинонинг ўзи асрлар давомида кўп марта қайта қурилган, аммо жойлашган ўрни ўзгармаган.

Ҳозирда меҳмонхонада 40 га яқин хона, бир нечта катта бассейнлар бўлиб, уларнинг бир қисми ёпиқ, қолганлари эса очиқ ҳавода. Бу ерда қадимги Япония анъаналарига қатъий амал қилинади. Мисол учун, меҳмонлар столда эмас, балки гиламда ўтириб овқатланишади.
Анъаналар сақланиб қолганига қарамай, бу ерда нархлар жуда замонавий меҳмонхоналардагидек. Масалан, оддий икки кишилик хонада тунаш 35 минг иена туради, бу 300 доллардан ошади.



















