Халқаро фан олимпиадалари ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу – математика, физика, кимё, биология ва шу каби яна бир қанча фанлар бўйича ўтказиладиган дунёдаги энг нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланади. Унда ҳар йили 150га яқин мамлакатларнинг юзлаб иқтидорли, юқори билимга эга ёшлари иштирок этади. 1997 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Халқаро математика олимпиадасида қатнашишни бошлаган ва шундан бери ўзини кўрсатиб келмоқда. Шу вақтгача бу танловда жами 39 та медал: 10 та кумуш, 29 та бронза медаллари қўлга киритилган.

Аммо бу рақамлар ҳали етарли эмас, олдинда бундан-да юқори кўрсаткичлар қайд этилиши керак. Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров мана шу мақсад йўлида бир қанча ишларни олиб бормоқда. Қаҳрамонимиз қилаётган ташаббуслари орқали Ўзбекистоннинг таълим тизимини яхшилаш ниятида.

Янги ҳоким ва “Ғиждувон олимпиада терма жамоаси”

2021 йил 12 августда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Ашуров Ғиждувон туманига янги ҳоким этиб тайинланди. Шу вақтдан бошлаб, у мактаб таълимига алоҳида эътибор қаратишни бошлади ва дастлаб ҳокимлик биносидаги ўзи учун ажратилган хонани “Олимпиада терма жамоаси” учун бўшатиб берди.

“Олимпиада терма жамоаси” учун ҳокимлик биносидаги ҳоким хонаси

Терма жамоа шакллантирилди

Халқаро миқёсдаги олимпиадада қатнашиш ва унда фахрли ўринларни эгаллаш осон эмас, демак, “Ғиждувон олимпиада терма жамоаси”га кучли ёшлар танланиши керак. Шу сабабли дастлаб туманнинг 67 та мактабидан ўқувчилар саралана бошланди.

Бу жараёнда барча мактабнинг 7-синф ўқувчилари физика ва математика фанларидан 3 босқичда имтиҳон топширишди. Аввалига тест синовлари, кейин ёзма шаклда масала ечиш ва энг сўнгги, учинчи босқичда суҳбат жараёни бўлди. Шулардан муваффақиятли ўтган 30 нафар бола жамоага қабул қилинди.

Ўқитиш жараёни ўтган йилдан бошлаб юборилган. Ҳозирда болалар билан ҳудуднинг энг яхши мутахассислари олимпиадага мўлжалланган ўқув қўлланмалари асосида шуғулланиб, инглиз тили, физика ва математика фанларини чуқур ўргатишмоқда. Натижага 2 йилда эришиш, яъни биринчи йил республика фан олимпиадаларида ютиш, кейинги йили эса халқаро майдонга чиқиб, олтин медалларни қўлга киритиш мақсад қилинган.