Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлади.
Унда фуқаролар учун минимал ижтимоий ҳимоя даражасини кафолатлаш тизимини яратиш назарда тутилган, стратегия тўрт йўналишни қамраб олади. Молия вазирлиги янги тизим билан нималар ўзгаришини тушунтирди.
Ижтимоий хизматлар – оилаларнинг индивидуал ҳолатларига қараб хизматлар ва ёрдам кўрсатилади
Бу йўналишда амалга ошириладиган чора бу ижтимоий хизматларни маҳалла даражасига туширишдир. Яъни яқиндагина фаолияти жорий этилган маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари зиммасига ижтимоий ҳимоя дастурларига эҳтиёжманд оилаларни йўналтириш юклатилади.
2022-2023-йиллар давомида ушбу хотин-қизлар фаоллари эҳтиёжманд оилалар билан ишлашга ўргатилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилади. Бунда, хотин-қизлар фаоли маҳаллаларда эҳтиёжманд деб ҳисобланган оилаларга ташриф буюриб уларнинг муаммоларини ўрганади. Ҳар бир фаолнинг қўлида махсус планшет бўлади ва улар оилада ўтказилган суҳбат ва кузатувларга асосан тегишли маълумотларни планшетга киритади.
Мисол учун, чекка бир қишлоқда бир оила яшайди. Бу оиладаги она ишламайди, негаки унинг касалманд боласи бор. Аммо улар ушбу болага давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар мавжуд эканидан бехабар. Шунда, хотин-қизлар фаоли бу оилага ташриф буюрганда уларнинг муаммоларини тинглаб боради ва яшаш шароитини ўрганади. Бунда, у боланинг касаллигини билгач, тегишлича ногиронликни баҳолашга йўналтиради. Боланинг ногиронлиги баҳолангач, хотин-қизлар фаоли давлат томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва ёрдамни олишга ариза беришга кўмаклашади. Яъни бола тегишли техник реабилитация мосламаси билан таъминланади, унга ҳар ой тўланадиган ногиронлик нафақаси тайинланади, онасига эса боланинг касаллигидан келиб чиқиб ногирон болани парвариш қилиш нафақаси тайинланади. Бундан ташқари, бола мактаб ёшида бўлса, хотин-қизлар фаоли уни мактабга жойлаштиришга ёрдам беради. Шундай қилиб, бу оиланинг ижтимоий ҳимояси тўлиқ таъминланади.
Шу тарзда, ҳар бир оилаларнинг индивидуал ҳолатидан келиб чиқиб, тегишлича давлат ижтимоий ёрдам ва хизматлари кўрсатиб борилади.















