26 июлда Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланган Комил Алламжонов шу куни тайинлов юзасидан баёнот берди.
“Давлатимиз раҳбарига ўзимга билдирилган ишонч учун ташаккур билдирган ҳолда мен буни биринчи навбатда жуда катта масъулият деб билишимни алоҳида таъкидлашни истардим”, – деди у.
Алламжонов Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси лавозимидаги фаолиятини якунлагани, фондга тез орада янги раис тайинланишини маълум қилди.
Давлат хизматчисига айланган Алламжонов ўз бизнесларидан ҳам кетишини айтди.
“Бугундан бошлаб мен барча бизнес лойиҳаларимни, компанияларимни ҳам бошқа эгаларига топшираман. Бугундан бошлаб мен бизнесмен эмасман. Чунки мен манфаатлар тўқнашувига мутлақо қаршиман ва қолганларга ҳам шуни маслаҳат бераман”, – деди Президент администрацияси раҳбарининг янги ўринбосари.
Медиа-функционер Ўзбекистонда сўз эркинлиги даражаси ошишини таъкидлади.
“Фондимизга тез кунларда янги раис тайинланади. Ва ўйлайманки, сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати янада юқори даражага кўтарилади. Чунки давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, бу ислоҳотлар фақат олдинга юради, ортга қайтмайди.
Шунинг учун ҳам мен барча блогер ва журналистларни янада фаолликка, ўз устиларида ишлаб холис ахборот тарқатишда давом этишга чақириб қоламан”, – деди Комил Алламжонов.















