Жамият | 14:53 / 27.07.2022
13846
2 дақиқада ўқилади

“Турмушим бўлмай бемор болам билан ота уйимга келганман, бир ҳовлида 16 киши яшаймиз” – Дилсорани оғир дард қийнамоқда

Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи Наргиза Узоқхўжаева 6 йилдан бери 3 нафар фарзандини ёлғиз катта қилиб келади. Улардан бири оғир бемор. 

Ҳар бир она учун боласининг камолини кўриш бахт бўлса, Наргиза Узоқхўжаева учун эса бу синов бўлиб келяпти. Боиси, унинг 14 ёшли қизи Дилсора Акмалхўжаева 2020 йилдан бери бош миянинг оғир касаллиги билан оғрийди. Айни вақт бу беғубор қизалоқ саховатпеша инсонларнинг кўмагига муҳтож.

“Шу икки йил олдин қизим бошим оғрияпти деб юрарди. Қизимнинг гайморити бор эди, шунинг ҳисобига бўлаётган оғриқ деб ўйладим. Бир кун яна боши оғриб юрганда, ҳовлига чиқиб ўзидан кетиб қолди. Қарасам, ерда ётибди. Анча вақт ўзига келмади. Бориб, текширтирсак миясида ўсимтаси бор экан. Мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилиши керак дейишди, жамғармалардан ёрдам олиб, Ҳиндистонда қилдириб келдик. Аммо шунга қарамай, аҳволи яхши эмас.

Бошқа нейрохирургларга олиб бориб кўрсатдик, битта қилинган операциядан кейин кейинги операция учун камида 5-6 ой ўтиши керак экан. Шифокорлар билан маслаҳатлашдик, Москвага олиб боришимизни айтишяпти ва бунинг учун катта маблағ зарур.

Оилавий шароитимиз оғир, бир ҳовлида 16 киши яшаймиз. Турмушим бўлмай ота уйимга келганман. Бемор болам билан ота-онамга ташвиш туғдиряпман”,– дейди кўзида ёш билан Дилсоранинг онаси.

Операцияни ўтказиш зарур, лекин унинг харажатларини қоплаш учун Наргиза Узоқхўжаеванинг имкони етмайди. Азиз юртдошлар, агарда эҳсон учун моддий ва маънавий шароитингиз бўлса, шу қизалоққа ёрдам беришингизни сўраб қолар эдик. Зеро, тобора омонат қолаётган бу дунёда яхшилик қилиб қолиш барчамиз учун керак. 

Дилсора Акмалхўжаевага оид маълумотлар:

UzCard: 8600 0610 2290 7132 онаси Наргиза Узоқхўжаева номида.

HUMO: 9860 1301 0592 0875 бувиси Муҳаббат Саидмуротова номида 

Манзил: Тошкент вилояти, Паркент тумани, Қорақалпоқ қишлоғи, Обод диёр кўчаси 25-уй 

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид