Грозевнинг фикрича, ФХХ жиддий хатога йўл қўйиб, ўнлаб контрразведка ходимларини ошкор қилиб қўйган. BBC жиддий шов-шувга айланган воқеа ҳақидаги ҳозиргача мавжуд бўлган барча тафсилотларни тўплади.

ФХХ талқини

Душанба куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати Украина разведкасининг операцияси йўққа чиқарилганини эълон қилди. Хабарда айтилишича, украин разведкачилари Су-24 бомбардимончи самолёти, Су-34 қирувчи-бамбордимончи самолёти ва Ту-22М3 ракета ташувчи қирувчи самолётини ўғирламоқчи бўлган. Яъни россиялик учувчиларга пул ваъда қилиш орқали бу самолётларни қўлга киритишни истаган.

ФХХ хабарига кўра, украинлар ҳар бир ўғирланган самолёт учун учувчиларга 2 миллион долларгача пул, уларнинг хотинларини эса Европа Иттифоқидаги бирорта давлатга олиб боришни ваъда қилган. ФХХ эълон қилган видеода учувчилар ўз самолётини кўрсатган ва қўлида рақам ушлаб турган. ФХХга кўра, учувчилар бундай видео орқали Украина қуролли кучларига самолётларни ўғирлаш операциясига тайёр эканига ишора берган. Хабарда иддао қилинишича, учувчилар қўлларида ушлаган рақамларни уларга Украина разведкаси вакиллари берган.

ФХХ ушбу операция давомида украиналик ҳарбийларни мамлакат жануби-шарқидаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва аэродромлар ҳақида маълумот беришга мажбур қилганини хабар қилган. Шунингдек, хабарда иддао қилинишича, Украина разведкачилари бу операцияни ғарблик, хусусан, британиялик махсус кучлар ёрдамида амалга оширган.

Россия томони ушбу операцияда Bellingcat нашри суриштирувчиси Христо Грозев ҳам иштирок этганини айтмоқда. Бу журналист Россияга қарши кўплаб суриштирувлар ўтказган. Хабарда айтилишича, Грозев Британиянинг Ми-6 разведка гуруҳи билан ҳамкорлик қилади.

Христо Грозев талқини

Журналист твиттердаги саҳифасида ушбу операция чиндан Украина разведкаси томонидан амалга оширилгани, аммо унга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ёзди.

Россия разведкаси ҳисоблашича, Христо Грозев украин махсус хизматлари операциясида иштирок этган. Фото: EPA\TASS

2022 йил апрел ойида Украина Олий радаси Россия ҳарбий техникаларини ихтиёрий тарзда топшириш учун мукофотлар тартиби тўғрисида қонунни тасдиқлаганди. Унга кўра, Украина армиясига русларнинг битта танкини топширган одам 100 минг доллар, битта самолёт олиб келган одам эса 1 миллион доллар билан мукофотланиши айтилган.