Эрик тен Ҳаг «Манчестер Юнайтед»га бош мураббий этиб тайинланиши биланоқ у Френки де Йонгни «Барселона»дан олиб келиши ҳақида хабарлар тарқалган, жиддий нашрлар ҳам бу келишув деярли тўқсон тўққиз фоизга ҳал бўлгани, клублар трансфер суммаси бўйича келишиб олишгани ҳақида ёза бошлашганди. Табиийки, бу ёзнинг энг узун ва тушунарсиз сериалларидан бирига айланишини ҳеч ким кутмаган, аммо...

Гоҳ Лапорта чиқиб, де Йонг ҳеч қаерга кетмаслигини айтади, гоҳ де Йонг атрофидагилар футболчининг Чемпионлар лигасида ўйнаш нияти туфайли «Юнайтед» варианти қизиқтирмаслиги ҳақида хабар тарқатишади. Буларнинг орасида тен Ҳаг футболчи билан гаплашиб олгани-ю, клублар бонуслар билан 85 миллион еврога «қўл ташашгани» ва ҳоказолар инглиз клуби мухлисларига умид берса, Барселонада қандайдир маошлар бўйича қарздорлик масаласи кўтарилиши бошланади. Хўш, бу чигал масала ҳақида нималарни билиш керак?

Френк де Йонг ва «Барселона»

2018/19 йилги мавсумда «Аякс» Чемпионлар лигасида фуррор кўтаради ва «Ювентус», «Реал» каби клубларни ортда қолдириб, турнир яримфиналигача етиб боради. Ўша таркибда 22 ёшли Френки де Йонг ҳам асосий фигуралардан бири бўлганди ва ҳатто ФИФА таъсисчилигидаги «Энг яхши ўйинчи» номинациясида кучли ўнликка киради.

Бундай «жавоҳир»га Европа топ-клублари навбатда туриши табиий эди, аммо «Барселона» эртароқ отни қамчилаган ва қишдаёқ футболчи билан расман келишиб қўйганди. Ёзда ушбу трансфер расман амалга ошади ва Френки 75 миллион евро эвазига «Барселона» футболчисига айланади.

Френк де Йонг ва Эрик тен Ҳаг

Френки де Йонг «Аякс»га 18 ёшида келган ва Эредивизияда бошқа мураббий – Питер Бош қўл остида дебют қилган бўлса-да, асосий таркиб футболчиси сифатида шаклланиши айнан Эрик тен Ҳаг билан боғлиқ. 2016/17 йилги мавсумда Френки асосий таркибда 4 ўйинда майдонга тушган, холос. Кейинги мавсумдан жамоани тен Ҳаг бошқаради ва аста-секинлик билан футболчи жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланади.

Де Йонгнинг «Манчестер Юнайтед»га ўтишида тен Ҳаг омили муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Икки томондан ҳам. Де Йонг ЕЧЛда қатнашмайдиган клубга рози бўлишига фақат собиқ мураббийи билан яна бирга ишлаш истаги асос бўлиши мумкин.

Умуман, Френки де Йонг ҳозир ҳам ўз амплуасида Европанинг энг яхшиларидан бири бўлса-да, фаолиятидаги энг юқори нуқтага Эрик тен Ҳаг қўл остида чиққан. «Барселона»даги уч йилда футболчи юзга яқин ўйинда майдонга тушган бўлса-да, жамоанинг алмаштириб бўлмас етакчисига айлана олмади. Буни клубнинг де Йонгга бўлган бугунги муносабатидан ҳам билиш мумкин. Кўп мутахассислар фикрича, айнан тен Ҳаг футболчидан максимал фойдаланишни билади ва бу бирлашув де Йонгнинг яна Европанинг энг яхшиларидан бири бўлишига замин яратади.