АҚШ сенати қўмитаси Американинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини тасдиқлади.

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига Жонатан Ҳеник номзодини илгари сурганди. 

Жонатан Ҳеник — АҚШ дипломатик хизмати маслаҳатчи-элчи мақомига эга юқори лавозимли амалдор ҳисобланади. Ўтган йилдан бери у Миллий мудофаа университети қошидаги Ахборот ва кибермакон коллежида АҚШ Давлат департаменти кафедраси мудири лавозимида ишлаб келмоқда.

Илгари Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бюросида Давлат котиби ёрдамчисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. У Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Жанубий ва Марказий Осиёда жамоатчилик дипломатияси ва ОАВ билан алоқалар бўйича масъул бўлган.

Нью-Йоркда туғилган Жонатан Ҳеник рус, португал, турк ва озарбойжон тилларини билади. У Ҳавайи университетида сиёсат фанлари номзоди, Нью-Йоркдаги Колумбия университети халқаро алоқалар бўйича магистр ва шу университет Колумбия коллежи бакалаври даражасига эга.

АҚШнинг Ўзбекистондаги амалдаги элчиси Дэниел Розенблюм бўлиб, у 2019 йилнинг май ойида ушбу лавозимда қасамёд қилганди. 

Дэниел Розенблюм энди Қозоғистонда ўз фаолиятини давом эттиради.