Ўзбекистон | 14:19 / 28.07.2022
9916
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Наманганда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи 

Жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Ж.Хўжаев Ҳиндистон қишлоқ хўжалиги ва фермерлар фаровонлиги вазири Нарендра Сингх билан музокаралар ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашувда икки мамлакат сўнгги бир неча йил ичида аграр секторда савдони диверсификация қилишга муваффақ бўлгани, аммо ҳали ҳам фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Томонлар маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига ўзаро кириб бориши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш зарурлиги хусусида фикрга келди. 

Ўзбекистон 6 номдаги ҳинд маҳсулотларини, жумладан банан, манго, соя ва гуручни импорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини тақдим этди. Ҳиндистон томони узум, анор, олма, хурмо, қалампир, помидор, бодом ва тарвуз каби ўзбек агросаноат маҳсулотларига рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Музокараларда айрим қишлоқ хўжалиги компанияларининг инвестиция режалари билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ҳозирги вақтда Ҳиндистоннинг Indo Organics компанияси тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. Бундай технологик лойиҳаларни рўёбга чиқаришда амалий ёрдам кўрсатишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Учрашув якунида томонлар янги юқори даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этиш учун ҳамкорликни кенгайтиришда давом этишга содиқликни билдирди.

Мавзуга оид