Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Люксембургдаги суд RT France'нинг ЕИда тақиқланишига оид даъвосини рад этди
Люксембургдаги судьялар канал «Россиянинг беқарорлаштириш сиёсатини» қўллаб-қувватлагани муносабати билан RT эфирлари тақиқланишини «ўринли ва зарур» деб топди.
Люксембургдаги Европа суди RT France телеканалининг ЕИ кенгашига қарши каналнинг Европа ҳамжамияти ҳудудида эфирга чиқишини тақиқлаш масаласи бўйича даъвосини рад этди. Қарор 27 июль, чоршанба куни Европа умумий юрисдикция суди катта палатаси томонидан қабул қилинди.
«Суд даъвони тўлиқ рад этади», — дейилади қарор матнида.
Люксембургдаги судьялар «мақсадлар» ва жазо чоралари қўллашнинг «муҳим контексти» нуқтайи назаридан телеканалга нисбатан санкцияларни «тўғри ва зарур» деб топди. Люксембургдаги инстанция ЕИ кенгаши RT France томонидан «Россиянинг Украинага қарши беқарорлик ва тажовузкорлик сиёсати»ни «фаол қўллаб-қувватланиши» факти тасдиқланган, деган хулосага келди. Бундан ташқари, телеканал РФнинг Украинага қарши урушини оқлайдиган ҳамда ЕИ жамоат тартиби ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган маълумотларни узатган, дея билдирди Люксембургдаги суд.
РФ президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков юқоридаги қарорга изоҳ билан чиқди.
«Албатта, биз мамлакатимизда фаолият юритаётган ғарб ОАВга ҳам шундай босим чораларини кўряпмиз ва кўришда давом этамиз», дея таъкидлади у. «Биз уларнинг мамлакатимизда ишлашига ҳам рухсат бермаймиз, бу ерда юмшоқ позиция бўлмайди», - дея қўшимча қилди Песков. Унинг фикрича, Россия телеканаллари ишини тақиқлаш орқали «европаликларнинг ўзлари бутун дунё бўйлаб тарқатаётган идеалларини оёқости қилмоқда».
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен март ойи бошида ЕИда RT ва Sputnik агентлиги эфири тақиқлангани ҳақида гапирар экан, шундай деганди: «Биз эркин ва мустақил мамлакатга шафқатсиз ҳужум ҳақида оммавий ташвиқот ва дезинформацияга гувоҳ бўламиз».
1 март куни ЕИ кенгаши RT English, RT UK, RT Germany, RT France, RT Spanish, шунингдек, Sputnik агентлиги эфирини тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга асос сифатида, хусусан, Россия бу каналлар орқали Украинага тажовузини оқлаш ҳамда шу орқали ЕИ жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солиши учун ташвиқот олиб бораётгани айтилди. RT France бунга жавобан Евроиттифоқ судига даъво аризаси билан чиқди, шунингдек, тақиқни тўхтатиб туриш бўйича дастлабки ҳуқуқий ҳимоя сўраб тақдимнома юборди.
Мавзуга оид
09:00 / 16.06.2026
Фирибгарлар суд органлари номидан СМС юбормоқда
20:43 / 08.06.2026
Судьялар учун даромад ва мол-мулк декларациясини тақдим этиш тизими ишга туширилади
08:56 / 28.05.2026
Эҳтиёт чораларини бекор қилиш ваколати фақат судга ўтказилиши мумкин
19:43 / 18.05.2026