Ўзбекистон | 07:53 / 28.07.2022
11519
3 дақиқада ўқилади

«Виртуал офис» Ўзбекистонда тадбиркорлар муаммолари билан шуғулланишни бошлайди

Фото: Shutterstock

Президент “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг “business.gov.uz” ягона интерактив порталини қуйидаги имкониятларга эга бўлган “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилди:

  • тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кеча-ю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш;
  • қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш;
  • тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш.

2022 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

а) порталга қуйидагилар томонидан мурожаатлар киритилади:

  • тадбиркорлик субъектлари;
  • Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги “Саll-марказ” хизмати;
  • Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – тадбиркорлардан сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида;
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари. Бунда, ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини маҳалланинг ўзида кўриб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўради, маҳалла даражасида ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаган мурожаатларни порталга киритади;

б) порталга киритилган мурожаатлар автоматик равишда ёки тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан (мурожаатда ваколатли орган кўрсатилмаганда) тегишли ваколатли органларга кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун йўналтирилади;

в) ваколатли органлар портал орқали келиб тушган мурожаатларни қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқади ҳамда натижалари тўғрисида ахборотни порталга киритади;

г) тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:

порталга киритилган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан рақамли назорат ўрнатади ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли таъсир чораларини қўллайди;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан биргаликда мурожаатлар таҳлили асосида ҳудудлар ва соҳалар кесимида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда таклифлар киритиб боради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид